Жамият | 12:40 / 20.09.2018
57720
3 дақиқада ўқилади

Видео: Боғча мудираси текширувчилардан қўрқиб гўштни чиқиндихонага ташлаб юборган

“Ўзбекистон 24” телеканалида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасидаги ҳолат ҳақида лавҳа эфирга узатилди.

Бу ердаги пала-партишликлар, қўштирноқ ичидаги ўйинлардан ёқа ушлайсиз, дейилади лавҳада. 

Кадрлар билан боғлиқ машмашалар, норасида гўдакларнинг ҳақига хиёнат, ишчи ходимларнинг инсоний манфаатларини топташ... Хуллас, текширувлар натижасида гапирса тил, гапирмаса дил куядиган жуда кўплаб ҳолатлар аниқланган, дея қайд этилади лавҳада. 

-  Ушбу муассасани мудиранинг онаси - Нодира опа деган аёл бошқариб келганлиги ҳолатлари аниқланди. Бизга ушбу муассасанинг устидан жуда кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушди. Шу шикоятлар асосида ўрганиб чиқилганида, ота-оналар ҳамда ходимлар “Нодира опа” деган аёлни мудира деб билишларини айтишди, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит ходими. - Бундан ташқари, муассасага турли лавозимларга расмийлаштирилган уч нафар шахс ҳақиқатда иш вазифаларини бажармаган бўлиб, уларнинг номларига иш ҳақлари ҳисобланган. Муассасада қўштирноқ ичидаги тижорат гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, давлат томонидан белгиланган ота-она бадал пулларидан ташқари, ота-оналар томонидан 125 минг сўмдан қўшимча тўлов тўлаб келинган. Болаларга озиқ-овқатни ташкил қилиш масалалари бўйича ўрганилганида, ўрганиш кунида 56 кг гўшт маҳсулоти қозонга солиниши керак бўлган бўлса-да, лекин ҳақиқатда 56 кг гўшт аниқланмади. Унинг ўрнига 9 кг кеча пишириб қўйилган гўшт маҳсулоти муассаса ошхонасида аниқланди. 

Лавҳада билдирилишича, текширувчилардан яшириб чаққон ходимлар ўша пишган-айниган гўштни чиқиндихонага ташлаб юборишган. Ошхонада эса пишаётган овқатга аввалбошидан солинмаган гўшт текширувчилар бу ерга кириб келгунигача солиб юборилганлиги маълум бўлган. 

Тасвирга олиш жараёнлари кетаётганлигидан хабар топган боғчанинг собиқ мудираси айни пайтда фаолият олиб бораётган ходимларга таҳдид этиб телефон қилгач, суҳбатдошининг пўписаларидан уларнинг аҳволи ёмонлашди. Тез ёрдам машинаси чақиртирилган.

Яна бир ачинарли ҳолат - боғча ҳудудида чинни буюмлар, яъни пиёла ишлаб чиқарадиган цех очилган. Мутахассисларнинг эътирофича, бу цехда фойдаланиладиган хомашё ва бўёқ болаларнинг соғлиғига зарар етказади.

Мавзуга оид