Жамият | 22:06 / 21.09.2018
71004
2 дақиқада ўқилади

ФарДУ ҳарбий кафедра талабалари билан юз берган вазиятга Мудофаа вазирлиги муносабат билдирди

Скриншот

Фарғона давлат университети қошидаги Ҳарбий кафедра талабаларининг ўз ўқитувчиси томонидан калтакланаётгани тасвирланган видео ва уларнинг мурожаати электрон ОАВ  ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ушбу ҳодисага муносабат билдириб, воқеани ўрганиш ишлари бошланганини айтмоқда.

“Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўрганиш натижаларидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Фарғона давлат университети ректори номига ушбу билим юртининг Ҳарбий таълим йўналишида катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келаётган резервдаги подполковник Шоҳобиддин Тилаволдиевга нисбатан чора кўриш масаласи бўйича таклифлар киритилиши маълум қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлиги бу каби педагогларнинг хатти-ҳаракатлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий касбга ўқитиш жараёнига мутлақо зид эканини қайд этади. Шу каби ҳолатларнинг  олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан республикадаги қолган таълим муассасаларининг ҳарбий кафедра ўқитувчилари билан тегишли тушунтириш ва профилактик ишлари олиб борилади”, дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати тарқатган расмий баёнотда.

Маълумот учун, резервдаги подполковник Шоҳобиддин Тилаволдиев 2011 йилда ҳақиқий ҳарбий хизматдан нафақага чиққан. 2018 йилнинг 14 февралдан Фарғона давлат университети ректорининг тегишли буйруғи билан мазкур билим юртининг Ҳарбий таълим йўналишида катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келмоқда.

Тилаволдиев ижтимоий тармоқда тарқаб кетган лавҳа бўйича фикр билдириб, “дарсга кеч қолган йигитлар кўпайиб кетгани, уларга хайфсан берилаётгани” ҳақида гапирган. Унинг айтишича, баъзида талабаларнинг интизоми учун сўкиб берган, лекин у ҳеч кимни ҳақорат қилмаган.

Мавзуга оид