Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тошшаҳартрансхизмат» яна эплолмади. Бу сафар ҳам ваъда билан «қутулди»
«Тошшаҳартрансхизмат» жорий йилнинг 23 июнь кунидан бошлаб, шаҳар жамоат транспортида (автобусларда) ойлик йўл чипталарининг (АВ, Ў, Т, Н) сериялари электрон кўринишидаги карталарга ўтказилиб сотилишини маълум қилганда, очиғи, сал энсам қотди. Негаки, бундай ваъдалар ва баландпарвоз лойиҳалар ҳақида кўп эшитдик, аммо амалда биттаси ҳам муваффақиятли ишга туширилмади. Масалан, жамият шу йили «Wi-Fi Bus» лойиҳасини ишга туширганди. Уларнинг режаси бўйича йил охирига қадар пойтахтдаги элликта йўналишли автобус Wi-Fi алоқаси билан таъминланиши белгиланганди. Ҳа майли, йил якунига етмади-ку, кутамиз. Аммо, электрон тўлов карталари бўйича айтар сўзим бор! Эътиборли жиҳати шундаки, бу «янгилик» энг камида 5 марта янграган ва ҳанузгача амалга ошмай келади.
2014 йил 6 июль
«Тошшаҳартрансхизмат» жамоат транспортидан фойдаланганда NFC (Near Field Communication - яқин масофадаги алоқа) технологияси орқали тўловни амалга ошириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида маълумот берганди. Соддароқ қилиб, смартфондаги илова орқали автоматлаштирилган тизим имкониятидан фойдаланиш ҳақида сўз юритилаётганини таъкидлаш лозим.
Ана шу пайтда мутасаддилар «лойиҳанинг техник ишланмалари устида катта иш олиб борилаётгани» ҳақида гапирган. Ҳукумат жамоат транспортидан фойдаланиш ва унинг сифатини ошириш борасида 2013 йил ноябрь ойида расмий ҳужжатни тасдиқлаган. Агар лойиҳа ишга тушган бўлса ҳам, у оммалашмади, қулайликдан фойдаланувчилар бўлиши зарур эди.
2015 йил 16 январь
«Тошшаҳартрансхизмат» келгуси икки йил ичида смарт-карт ёрдамида ишлайдиган тўлов тизимини яратишини билдирди. Жамият лойиҳани амалга ошириш учун 8та номзоддан бирини танлаши маълум қилинган. «Тошшаҳартрансхизмат» ўша пайтдаги раҳбари Отабек Содиқовнинг айтишича, лойиҳанинг молиявий жиҳати кредит маблағларини жалб этиш орқали ҳал этилади. Автобусларда ушбу тизимни жорий этиш учун 3-4 ой муддат талаб қилиниши айтилганди.
2015 йил 8 июль
Ўзбек-француз ишбилармонлар форумида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ яқин келажакда бажарилиши кутилаётган лойиҳани таништирди. 2015 йилнинг 10-12 июнь кунлари ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳар йўловчи ташиш хизматида автоматлаштирилган тўловни амалга ошириш ҳақида гапирилди. Унга кўра, тизим 2016 йилга қадар жорий этилиши, ундан сўнг хизмат кўрсатиш сифатини ошириб бориш белгиланган эди. Лойиҳа 2013 йил 9 октябрда имзоланган ПҚ-2048 сон ҳужжат асосида амалиётга жорий қилиниши таъкидланган.
2017 йил 10 апрель
Халқаро тажрибада 10та автоматлаштирилган тўлов тизимларини ўрганиб чиқиб, «Микроэлектроника-Плюс» МЧЖ Тошкентдаги жамоат транспортлари учун ана шундай қурилмани яратганини эълон қилди. Мутасаддилар синов тариқасида пойтахтдаги 155-йўналишдаги автобусларнинг бир нечтасига мосламалар ўрнатилгани, бу жараён бир ой давом этишини айтган.
2017 йил 28 август
Сингапурнинг Течнобиз Транспай компанияси томонидан тақдим этилган платформада ишлайдиган ANOR лойиҳаси эълон қилинди. Унинг фаолияти учун зарур бўлган смарт-карт сотуви эса шаҳар бўйлаб 2 мингта марказда йўлга қўйилиши айтилган.
2017 йил 30 октябрь
Ваниҳоят, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ яна бир марта NFC тизимидаги тўлов тизимини Uzmobile компанияси билан ҳамкорликда бажаришини билдирди. Лойиҳани илк синов фаолияти 2018 йил ўрталарига мўлжалланган. Биринчи босқичда, автобус ва метрода, кейинроқ, такси хизматида ҳам автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилиши билдирилган.
2018 йил 20 июнь
23 июнь кунидан бошлаб, шаҳар жамоат транспортида (автобусларда) ойлик йўл чипталарининг (АВ, Ў, Т, Н) сериялари электрон кўринишидаги карталарга ўтказилиб, сотилиши маълум қилинди. Натижа қандай бўлди? Мазкур электрон тизимни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ахборот технологиялари соҳасидаги етук мутахассислар жалб қилинди. Шу тариқа, ушбу электрон тизимнинг йўловчи учун қай даражада қулайлиги, ижобий ва салбий жиҳатлари чуқур ўрганилди. Сезиб турганингиздек, йўловчилар учун улардан фойдаланишда бирмунча ноқулайлик туғдираётгани, бу эса эътирозларга сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Жамиятнинг хулосасига кўра, автобусларда электрон чипталарни назорат қилиш борасида юзага келган ноқулайлик натижасида йўловчилар томонидан бундай йўл чипталаридан ноқонуний тарзда фойдаланиш каби вазиятлар ҳам кўплаб кузатилган.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 август куни транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича ўтказган йиғилишида соҳа мутасаддилари олдига қўйган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жамият томонидан жамоат транспортларида автомат тўловни жорий этиш бўйича хорижнинг етакчи компания ва фирмалари билан музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Белорусcия, Япония каби давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилмоқда. Тошкент шаҳар транспорт тизимини тубдан ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилаётган Стратегияга мувофиқ янги автоматлашган тўлов тизимини жорий йилда бошлаш режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида 133 та йўналишда транспорт хизмати йўлга қўйилган бўлиб, йилига ўртача 200 миллиондан зиёд йўловчи ташилади. Мазкур йўналишларга 1 124 та автобус бириктирилган ва улар томонидан бир кунда 16 049 та қатнов амалга оширилмоқда. Ҳайдовчидан кунлик режани ечиш, чиптачи ишини осонлаштириб, ҳайдовчидан фақатгина хавфсизликни таъминлаган ҳолда йўловчиларга сифатли сервис орқали хизмат кўрсатишга кўмак берувчи электрон тўлов картасини жорий этолмаган, ишларни тўғри ва ўз муддатида ташкил этмаган жамиятнинг янги ваъдасига ишониб қоламиз. Шу йил шаҳар автобусларида автоматлашган тўлов тизими ишлаб қолганига гувоҳ бўлсак, ажаб эмас.
Ҳа, айтганча 2018 йилда барча метро станцияларда ҳам метрополитен хизматларидан фойдаланиш учун тўловнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режага киритилган. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» УК бош муҳандиси Бахтиёр Содиқов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида аллақачон маълумот берган.
«Ҳозирда Мустақиллик майдони метро бекатида махсус турникет синовдан ўтказилмоқда. Агар мазкур тажриба ўзини оқласа, бошқа метрополитен бекатларига ҳам иккитадан турникет ва автоматлар ўрнатилади», дея қайд этган Бахтиёр Содиқов.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
16:08 / 28.03.2025
«Тошшаҳартрансхизмат»нинг собиқ раҳбари ва 20 кишига суд ҳукми ўқилди
18:27 / 15.01.2025
“Инфокиоскларнинг қайтим бермаслик масаласини ечиш имконсиз” — “Тошшаҳартрансхизмат” раиси ўринбосари
15:22 / 15.01.2025
“Автобусга чипта хариди учун янги инфокиосклар тадбиркорлар томонидан ўрнатилади” – Тошшаҳартрансхизмат
18:17 / 22.11.2024