Жаҳон | 21:40 / 24.09.2018
36809
3 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири Путиндан Сурияга С-300 етказиб берилишига изоҳ сўради

Фото: EPA/ТАСС

Исроил томони ташаббуси билан Россия президенти Владимир Путин ҳамда исроилликлар бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Исроил бош вазири яна бир марта 17 сентябрь куни Сурияда Россиянинг Ил-20 самолёти ҳалокатга учраши муносабати билан ҳамдардлик билдирди», дейилади хабарда.

«Россия томони айнан Исроил Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳаракатларини фожианинг асл сабаби деб ҳисоблайди», дея қайд этилади хабарда.

Кремль матбуот хизмати маълумотига кўра, «Владимир Путин Россия Сурия ҳаводан мудофаа тизими мураккаб вазиятларда тўғри реакция бериши учун унинг имкониятларини кенгайтиришга қарор қилганига урғу қаратган». Хабарда қайд этилишича, С-300 россиялик ҳарбийларнинг ҳаётига эҳтимолий хавфларга қарши қаратилади.

Исроил ҳукуматидаги манба хабарига кўра, Нетаньяҳу Ил-20 ҳалокатида Сурия армияси ва Эронни айблаган.

Қайд этилишича, Нетаньяҳу «Эрон агрессияси» Суриядаги барқарорликка путур етказаётганини таъкидлаган.

24 сентябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия икки ҳафта ичида Сурияга С-300 ракета мажмуалари етказиб бериши ҳақида маълум қилди.

2010 йили Россия ва Сурия С-300 тизими бўйича шартнома тузганди. 2013 йилда Исроил томони илтимоси билан Сурияга С-300 мажмуасини етказиб бериш тўхтатилган эди. 

«Бугун эса вазият ўзгарди. Бунга биз айбдор эмасмиз. Ушбу чоралар «қизиган бошлар»ни совитиши ва ҳарбий хизматчиларимиз учун хавф туғдирувчи бемулоҳаза хатти-ҳаракатлардан тийишига ишонч билдирамиз. Йўқса вазиятдан келиб чиқиб чора кўришга мажбур бўламиз», деди россиялик вазир.

Ушбу мажмуа 250 километрдан ортиқ масофада ҳаво ҳужуми воситаларини тўхтатиб қолишга ва бир вақтда бир нечта нишонларни уришга қодир. Шунингдек, Сурия ҳарбийлари бу тизим орқали россиялик ҳарбийларнинг самолётларини осон аниқлай олиши мумкин. 

Қайд этиш керакки, бу қарор 17 сентябрь куни Россиянинг Ил-20 русумли разведкачи самолёти Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилишига жавобан қабул қилинди.

Россия томони Ил-20 ҳалокатида Исроилни айблади. Исроилнинг F-16 самолётлари худди шу вақтда Латақияни бомбардимон қилганди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Сурия жавоб зарбаси йўллаганида исроиллик ҳарбий учувчилар Россия самолёти ортига бекиниб, бу самолётни зарба йўлига қўйишганди. Ҳалокат оқибатида россиялик 15 нафар ҳарбий нобуд бўлди.

Исроил армияси эса бу фожиада «Ҳизбуллоҳ»ни айбламоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид