Ўзбекистон | 10:42 / 28.09.2018
74549
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасига ўзгартириш киритилди

Фото: Kun.uz

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги «Зафаробод» қўрғонини Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳудудига қўшиб бериш ташаббусини маъқуллади. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Навоий вилоятининг Конимех тумани ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масаланинг ҳал этилиши ҳам мазкур ҳудудлар учун Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни, шунингдек, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ ва самарали рўёбга чиқарилишига хизмат қилади», дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Сайёра Баратова.

Маълум қилинишича, «Зафаробод» қўрғонида айни пайтда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қўрғонда 31та кўп қаватли уй, битта мактабгача таълим муассасаси, 2та умумтаълим мактаби, битта тиббиёт муассасаси ва бошқа қатор ташкилотлар ишлаб турибди. «Зафаробод» қўрғонидан Ғиждувон тумани марказигача бўлган масофа 80 километрни ташкил қилади. Бу эса, аҳолининг тез тиббий ёрдам ва маъмурий идоралар хизматидан фойдаланиш, ижтимоий-маиший эҳтиёжларини қондиришида ноқулайлик туғдирмоқда. Мисол учун, зафарободлик киши давлат хизматларидан фойдаланиш учун Ғиждувон тумани марказигача камида 80 км масофани босиб ўтиши керак. Бунга қарийб 2 соат вақт кетади.

Қўрғонда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли РУ-5 корхонаси мавжуд бўлиб, ушбу корхонада ҳудуд аҳолисининг салкам ярми меҳнат қилади. Сенаторларнинг 80 нафари ушбу масалада якдил қарорга келиб, ташаббусни қўллаб-қувватлашди.

Мавзуга оид