Ўзбекистонда Халқаро Туризм куни кенг нишонланди. Фотожамланма
Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, янги туристик маҳсулотлар татбиқ қилинмоқда, янгидан янги авиақатновлар йўлга қўйилмоқда, сайёҳларга катта имкониятлар яратилмоқда, соҳа ривожи йўлида мавжуд бўлган барча тўсиқлар олиб ташланмоқда, туризм ривожига ҳисса қўшиш истагида бўлган тадбиркорларга эса қатор имтиёзлар тақдим этилмоқда.
27 сентябрь - Халқаро Туризм куни Ўзбекистонда бу йил ўзгача, юқори кайфиятда нишонланди. Таълим муассасаларидаги учрашувлар, Ўзбекистон байроғини пойтахт кўчалари бўйлаб олиб ўтган мотопойгачилар занжири, Residence Park қароргоҳидаги тантанали тадбир ва мамлакатда туризм соҳаси ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган ходимларни тақдирлаш маросими ушбу сананинг ўтган йилларга нисбатан кенг қамровли нишонланганидан дарак беради.
Residence Park'даги кечки байрам тадбири меҳмонларнинг қизил йўлакчадан кириб келиши билан бошланди. Тадбирда туризм соҳаси вакиллари билан бир қаторда бу соҳага алоқаси бўлган идоралар раҳбар ва ходимлари, мамлакат туризм саноати компаниялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва дипломатлар иштирок этишди. Туризм ривожига ҳисса қўшиб келаётган ветеранлар ва фаол ходимлар тақдирланди. Улар учун концерт дастурлари ташкиллаштирилди.
KUN.UZ мухбири туризм соҳаси вакилларининг фикрларини тўплаб, эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилди.
"Бу йилги Халқаро Туризм кунига бағишланган тадбир Ўзбекистонда биринчи марта шундай катта форматда нишонланмоқда. Кейинги йилларда бу байрамни янада кенг кўламда нишонлашни ният қиляпмиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм барқарор ривожланиб келмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сонининг тобора ошиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади. Йил охирига бориб Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 4,8 миллионни ташкил қилиши кутилмоқда. Келгуси йилларда бу кўрсаткичларни янада ошириш кўзда тутилган. Туризмни ривожлантириш учун давлат томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда - Меҳмонхоналар қурилмоқда, инфратузилма яхшиланмоқда, виза тизими енгиллаштирилмоқда ва кўплаб бошқа ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, бунинг натижасида эса туристлар сони ошиб бормоқда. Дунёнинг 101 мамлакати учун электрон виза жорий қилинди. Ўзбекистонга ҳар куни 7 минг сайёҳ кириб келмоқда (ҳозир сайёҳлар оқими даражаси юқори мавсум, албатта). Қишки мавсумда ҳам сайёҳлар оқими тўхтаб қолмаслиги учун Ўзбекистонда қишки туризмни ривожлантиришга доир қатор ишлар олиб борилмоқда", - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров.
Унинг таъкидлашича, айни дамда меҳмонхоналардаги номерлар сонига кўра, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида 20 минг сайёҳни қабул қила олади, 2020 йилга бориб уларнинг сонини 50 мингга ошириш режалаштирилган, яъни икки йил ичида 300 га яқин меҳмонхона қурилади. Умуман олганда, туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига ўз ҳиссасини қўшиш учун имкон қадар ҳаракат қилишмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров барча юртдошларимизни Халқаро Туризм куни билан қутлади:
"27 сентябрь - Халқаро Туризм куни юртимизда кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан барча юртдошларимизни байрам билан табриклайман ва энг эзгу тилакларни тилайман. Мана бугун биз пойтахтдаги таълим муассасаларидаги ёшлар билан учрашиб, уларга Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердик, уларни қизиқтирган саволларига жавоб бердик. Бугун барча туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшгиси келади, жумладан ёшларимиз ҳам. Келгусида уларнинг орасидан Ўзбекистон туризми ривожига ҳисса қўшувчи муносиб мутахассислар етишиб чиқишига умид қиламиз".
Ўзбекистон аэронавтика федерацияси раиси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси Тоҳир Солиев:
"Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида шундай юқори кайфият ҳукмрон бўлган байрам тадбири ташкил этилганидан жуда хурсандман. Узоқ йиллар туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшган ветеранлар бугун фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Ветеранлар нафақат ёш жиҳатидан катта инсонлар, балки соҳа бўйича катта билимга эга бўлган кишилар ҳамдир. Ўйлайманки, шу байрам туфайли уларни оз бўлса-да қувончига шерик бўламиз. Бугунги кунда бу кишиларнинг билим ва тажрибаси биз учун жуда муҳим".
Uzbekistan Pass асосчиси ва бош директори Илёс Жабборов:
"Барча юртимиз фуқароларини Халқаро Туризм куни билан табриклайман, уларга саломатлик тилайман. Сўнгги йилларга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистонда туризм соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда, кўп ўзгаришлар кузатилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда туризм ахборот технологияларисиз ривожлана олмайди, чунки бутун дунё миқёсида ҳам туризм IT-технологияларга чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистонга келадиган чет эл фуқаролари ва маҳаллий аҳоли учун онлайн савдо майдончасини тақдим этдик. Бунда ўзимизнинг аҳоли, хорижий туристлар бемалол онлайн равишда меҳмонхоналарни банд қилиши, автомобиллар ва ресторанларга ҳамда туристик пакетларга буюртма бериши мумкин. Бу жуда қулай, сайёҳ битта смартфон билан бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлади. Ҳам саёҳат қилади, ҳам маблағ тежайди. Эндигина иш бошлаган бўлишимизга қарамай, Uzbekistan Pass маҳаллий аҳоли ва туристлар томонидан жуда яхши қабул қилинди".
Туризм соҳасининг ҳурматли ветерани, Rixos туристик компанияси бош директори Эргаш Самиғжонов Туризмни ривлжлантириш давлат қўмитаси томонидан соҳа ривожига қўшаётган кўп йиллик ҳиссаси учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланганлардан биридир.
"Туризм соҳасида 1992 йилдан то ҳозирги кунгача фаолият кўрсатиб келяпман. Ўзбекистонда туризм соҳасида жуда катта ўзгаришлар кузатилмоқда, айниқса, сўнгги икки йилда бу яққол кўзга ташланмоқда. Буларнинг бари Ҳукуматнинг туризмга нисбатан сиёсати тубдан ўзгаргани билан боғлиқдир. Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келишида жуда катта енгилликлар яратилди, янги имкониятлар очилди. Буларни мисли кўрилмаган ўзгаришлар дейиш мумкин, туризмда шунча йиллардан бери ишлаш давомида бу ижобий омиллар менга яққол сезилди. Бугунги байрамга келадиган бўлсак, албатта, Халқаро Туризм куни бизнинг касбий байрамимиз. Соҳа вакиллари бир бўлиб шу байрамни нишонлаяпмиз. Кўп йиллардан бери туризм соҳасини оёққа турғизиб, унинг ривожланишига ҳисса қўшган одамлар билан учрашдик, улар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мен ҳам тақдирландим ва бундан жуда хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, барча туризм соҳаси ходимларини, ёшу қарини ушбу байрам билан табриклайман. Нафақат туризм ходимлари, балки барча инсонларни ҳам қутлаб қоламан, зеро ҳар бир инсон ўз ҳаётида сайёҳдир. Шундай экан, бу барчамизнинг байрамимиз. Туристлар сони кўпаяверсин, Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг тутган ўрни янада юқори бўлаверсин!".
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024