Жаҳон | 07:58 / 29.09.2018
16001
2 дақиқада ўқилади

АҚШда энг замонавий F-35B қирувчиси фалокатга учради

Фото : Dane Wiedman

АҚШнинг 5-авлоддаги F-35B қирувчи самолёти Жанубий Каролина штатида фалокатга учради. Бу ҳақда АҚШ денгиз пиёда қўшинлари корпуси матбуот хизмати ва Бьюфорт округи шерифи маълум қилди.

Таъкидланишича, воқеа 28 сентябрда маҳаллий вақт билан соат 11:45да Грейс-Хилл туманида юз берган. Шерифнинг таъкидлашича, учувчи катапулта қилишга улгурган ва ҳозирда шифокорлар назоратида қолмоқда. Бу ҳодиса ушбу самолётнинг илк фалокати бўлган.

Фалокат самолёт Афғонистонда илк бор жанговар вазиятда қўлланган куннинг эртасига юз берди. Пентагон самолётнинг илк жанговар парвози ўтказилганини ва террорчиларнинг позицияларига муваффақиятли зарба берганини тасдиқлаганди.

Твиттерда ушбу ҳодисанинг видеоси жойлаштирилиб, унда дастлаб F-35’лардан бирининг Essex десант кемасидан парвоз қилаётгани, сўнгра унинг палубага вертикал қўнишни амалга ошираётгани кўрсатилган.  

F-35 5-авлоддаги қирувчи-бомбардимончи самолётлар оиласи бўлиб, унинг учта модификацияси мавжуд. Самолёт АҚШдан ташқари бир қатор бошқа иттифоқдош давлатлар қуролланишида кам миқдорда туради. Самолётни, жумладан, Туркия сотиб олмоқчи бўлган, бироқ АҚШ ҳукумати бу дастурни Анқара Россиянинг С-400 мажмуаларини сотиб олмоқчилиги сабабли музлатиб қўйди. 

F-35B самолётнинг вертикал қўна оладиган ягона модификацияси ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид