Жаҳон | 07:45 / 30.09.2018
6155
1 дақиқада ўқилади

Илон Маск Tesla директорлар кенгаши раиси лавозимидан кетадиган бўлди

Фото: REUTERS

Tesla компанияси асосчиси Илон Маск ва АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси Маскнинг компанияни нооммавий, яъни хусусий компанияга айлантириш ҳақидаги сўзлари учун унга фирибгарлик бўйича қўйилган айбловларни судгача тартибда ҳал қилишга келишиб олди. 

Келишувга кўра, Маск компания раҳбари бўлиб қолади, бироқ камида уч йилга компания директорлар кенгаши раиси лавозимидан воз кечиши керак бўлади. Унинг ўрнини мустақил раис эгаллайди. Шунингдек, компания икки нафар мустақил директорни тайинлайди. Келишувнинг яна бир бандига кўра, Маскнинг хабарлари устидан қўшимча назорат ва кузатув жорий қилиниши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, тадбиркорга 20 млн доллар жарима солинди. Ўз навбатида компания ҳам шу миқдорда жарима тўлаши керак бўлади.

Маскка қарши иш унинг компанияни хусусий қилиш ҳақидаги “ёлғон ва янглиштирувчи” баёнотлари сабабли бошланганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид