Спорт | 11:44 / 03.10.2018
34750
4 дақиқада ўқилади

AIBA президентлиги масаласи ҳал бўлди: Қозоғистон вакили курашдан чиқди, Ғофур Раҳимов янги президент бўлади

Ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти лавозими учун сайловларда ягона номзод сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда Insidethegames нашри хабар бермоқда.

Ғофур Раҳимов Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Сайловда иккинчи номзод бўлиши кутилган Осиё бокс конфедерацияси президенти, қозоғистонлик Серик Қўнақбаев эса ҳужжатларни вақтида етказиб бера олмаган ва курашдан чиққан.

Номзодлар рўйхати бугун, 3 октябрь куни эълон қилиниши керак эди. Қўнақбаевнинг номзоди рўйхатдан ўтказилиши учун уни 20та давлат вакиллари қўллаб-қувватлаган, аммо у ҳужжатларни жўнатишда бир неча соатга кечиккан. Манба маълумотига кўра, Қўнақбаев ушбу вазият юзасидан шикоят қилмоқчи.

Серик Қўнақбаев / Фото: Казинформ

Маълумот учун, Раҳимов айни вақтда AIBA президенти вазифасини бажарувчи ҳисобланади. AIBA президенти сайловлари 3 ноябрь куни ташкилотнинг Москвадаги конгрессида бўлиб ўтади. Шу йиғилишда Раҳимов номзоди президентлик учун расман тасдиқланади.

Ташкилот вице-президентлиги учун номзодлар ҳам маълум: Африка бокс конфедерацияси (AFBC) президентлиги учун Марокаш вакили Муҳаммад Мустаҳзон, Америка бокс конфедерацияси (AMBC) президентлиги учун Аргентина вакили Освальдо Бисбал, Осиё бокс конфедерацияси президентлиги (ASBS) учун БАА вакили Анас Алотайба ҳамда Таиланд вакили Пичай Чунҳаважира, Европа бокс конфедерацияси (EUBC) президентлиги учун Италия вакили Франко Фалчинелли, Океания бокс конфедерацияси (OCBC) президентлиги учун Австралия вакили Эдгар Таннер.

Халқаро Бокс Ассоциацияси Ижроия қўмитаси 2017 йил ноябрь ойи бошида Чинг-Куо Вуни қатор интизомий айбловлар ва молиявий растратада айблаб, уни қўмитадан вақтинчалик четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шундан сўнг, ноябрь ойи охирида тайванлик функционер ўз хоҳиши билан президентликдан истеъфога чиққан. 2018 йил январида бўлиб ўтган Конгресс мажлиси Вуга нисбатан ишончсизлик вотуми билдирганидан сўнг, унинг ўрнига Ғофур Раҳимов президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган эди.

Раҳимов ва Қўнақбаев 26 сентябрь куни президентлик учун ўз номзодларини илгари суришганди.

insidethegames хабарига кўра, Ғофур Раҳимов президентлик учун ягона номзод бўлиб қолганини маълум қилган. 

Маълумот учун, шу йилнинг сентябрида ХОҚнинг этика ва талабларга мувофиқлик масалалари бўйича директори Пакеретт Жирар Запелли Раҳимовга мактуб йўллаб, уни  ташкилот раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурмасликка чақирганди. Мактубда Раҳимовнинг номзоди AIBA президенти лавозимига қўйилиши ХОҚнинг Токиодаги Олимпиада-2020 дастурида боксни сақлаб қолиш бўйича қарорига таъсир ўтказиши мумкинлиги, сабаби у жиноят олами билан алоқаларда гумонланиши ҳақида айтилганди

Ўз навбатида Ғофур Раҳимов AIBA аъзоларини сайлов олдидан ОАВда тарқалган хабарларга эътибор қаратмасликка чақирди.

ХОҚ 2018 йилнинг февралида AIBA’га нисбатан суриштирув бошлаганди. Ушбу қарор ХОҚнинг Пхёнчханда бўлиб ўтган ижроия қўмитаси йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган. ХОҚ AIBA’нинг бошқарув, молия ва допингга қарши масалалар бўйича ҳисоботидан қониқмаган. 

1 октябрь куни AIBA Ижроия Қўмитаси ташкилотнинг собиқ президенти Чинг-Куо Ву ва собиқ ижрочи директор Хо Кимни умрбод боксдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид