Лицензиялаш: қандай ўзгартиришлар киритилди?
Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига (кейинги ўринларда – Рўйхат) ўзгартиришлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида давлат раҳбари томонидан 7та лицензияланадиган фаолият турини бекор қилиш тўғрисидаги таклиф қабул қилинди. Бироқ расмий-юридик нуқтаи назардан қараладиган бўлса, у ёки бу лицензиялар фақат Рўйхатга ўзгартиришлар киритилгандан кейин бекор қилинган деб ҳисобланади, чунки ушбу рўйхат Қонун билан тасдиқланган, деб ёзади Norma.
Шу муносабат билан Рўйхатдан қуйидагилар чиқариб ташланди:
• аэропортлардаги ташиш ишларини бажарувчи ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш фаолияти;
• тамаки хом ашёсини ферментлаш;
• аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш;
• аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни реализация қилиш ва прокатга бериш.
Бундан ташқари, тўртта йўналиш – телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш – битта позицияга бирлаштирилди. Илгари ҳар бири бўйича алоҳида ҳужжат талаб этилган бўлса, энди улар бўйича лицензия умумий бўлади.
Шу тариқа, киритилган ўзгартиришлар натижасида лицензияланадиган фаолият турларининг умумий сони 60 та позициядан 55 тагача қисқартирилди.
Қайд этилишича, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар таҳлили қуйидагиларни кўрсатди.
Биринчидан, президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ–5409-сон фармонига 1-иловада қуйидаги фаолият турларига лицензия берилишини бекор қилиш назарда тутилган:
• кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
• дори воситалари ва тиббий буюмларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари, шунингдек уларнинг сифатини назорат қилиш;
• нефть маҳсулотларини АЁҚШ ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш.
Бироқ Рўйхатга киритилган тузатишларда булар назарда тутилмаган. Бундан ташқари, 3.10.2018 йилдаги ЎРҚ–494-сон Қонун билан «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги ва «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмаган (кейингиси бўйича тегишли лойиҳа ишланган эди).
Санаб ўтилган фаолият турларига лицензияларнинг бекор қилиниши депутатлар томонидан маъқулланмаган бўлиши, лекин кейинчалик қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Иккинчидан, 2018 йилнинг 1 октябридан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, жумладан крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланиши жорий қилинди. Бироқ мазкур фаолият тури ҳали Рўйхатга киритилмаган.
Ўзгартиришлар 4.10.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
17:49 / 23.10.2024