Спорт | 11:00 / 16.10.2018
11482
3 дақиқада ўқилади

Арда Туран кўп йилга қамалиши мумкин

Фото: twitter.com/ArdaTuran

Трансфер ҳуқуқи «Барселона» тегишли бўлган, айни вақтда «Истанбул» клуби сафида тўп сураётган туркиялик яримҳимоячи Арда Туран 12,5 йилга қамалиши мумкин.

L'Equipe хабарига кўра, футболчи тегажоғлик қилиш, ноқонуний қурол олиб юриш ва тан жароҳати етказишда айбланмоқда.

9 октябрь куни футболчи туркиялик қўшиқчи Беркай Шаҳинни уриб, бурнини синдирган эди. Можаро Истанбулнинг тунги клубларидан бирида юз берди. Турон Беркайнинг хотинига гап отган. Шундан сўнг, томонлар ўртасида жанжал келиб чиққан ва футболчи хонанданинг юзига зарба берган.

Кейинчалик, футболчи нохуш можаро юз берганини ижтимоий тармоқда тан олиб, Беркайдан узр сўраган эди.

Тураннинг узр сўраши Беркайни қаноатлантирмаган. Айни вақтда шифохонадан чиққан қўшиқчи футболчини судга беришга ҳозирлик кўрмоқда.

«Туран менинг хотинимни танимаслиги мумкин эмас. Биз ҳамиша бирга юрамиз, буни ҳамма билади. Биз ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун барча воситалардан фойдаланамиз».

Шаҳиннинг рафиқаси ҳам шундай позицияда. «Агар жароҳат туфайли унинг овозига нимадир бўлган бўлса-чи? Беркай овози билан пул ишлайди», – дея норозилик билдирган у. Ўзлем Туран ўзига шилқимлик қилганини, доктор Беркайнинг бурнига 25та чок тикканини тасдиқлаган.

2017 йилнинг ёзида Туркия терма жамоаси устози Фотиҳ Терим Арда Туранни ўзи билан бир самолётда учган журналистни бўғганидан кейин терма жамоадан четлатганди. Терма жамоанинг янги бош мураббийи Мирча Луческу уни терма жамоага қайтармаслигини маълум қилган. Шундан сўнг футболчи терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган.

2018 йилнинг мартида у рафиқаси ҳақида сўраган бошқа бир туркиялик журналистга унинг бошини олиб ташлаш билан таҳдид қилганди.

Шу йилнинг майида эса футболчи чемпионатнинг ўтган мавсуми 32-тури доирасида «Сивасспор»га қарши ўйинда ҳакамга ҳужум қилгани учун 16 ўйинга дисквалификация қилинганди.

Маълумот учун, Арда Туран шу йилнинг 11 мартида Аслихон Дўғанга уйланганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва рафиқаси никоҳ маросимида гувоҳ сифатида иштирок этишган. 

Мавзуга оид