Теракт эмас. Қримдаги ҳодиса коллеж талабаси томонидан содир этилган оммавий қотиллик бўлган
Россия томонидан аннекция қилинган Қримнинг Керчь шаҳридаги коллежда рўй берган портлаш шу коллежнинг 4-курс талабаси, 22 ёшли Владислав Росляков томонидан содир этилган. Бу ҳақда Қрим раҳбари Сергей Аксенов маълум қилди. Унинг маълум қилишича, Росляков ўзини ўлдирган.
«Қотил ўзини отиб ўлдирган. У шу ўқув муассасасининг 4-курс талабаси бўлган. Қотилнинг жасади иккинчи қаватдаги кутубхонадан топилди», — деган Аксенов.
Дастлабки хабарларда Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси коллеж ҳудудида теракт содир этилганини маълум қилганди. Кейинроқ Росгвардия ва Россия Тергов қўмитаси бу ҳодисани теракт сифатида баҳолаб, ушбу ҳолат бўйича РФ Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Террорчилик акти) бўйича иш очилганди.
Эндиликда бу иш Тергов қўмитаси томонидан қайта квалификация қилинган ва Керчдаги воқеа бўйича РФ ЖКнинг 105-моддаси, 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ кишини ўлдириш) бўйича иш очилган.
17 октябрь кунининг биринчи ярмида Керчь шаҳрида портлаш содир этилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Аввалига коллеж ошхонасида газ баллони портлагани айтилди, кейинроқ ҳудудда теракт содир этилгани маълум қилинди.
Тергов қўмитаси маълумотига кўра, Росляковнинг ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарни ташкил қилди. Ўнлаб кишилар жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.
Мавзуга оид
15:53 / 10.09.2024
Евроиттифоқ Қримдаги «сайловлар»нинг ноқонунийлигини таъкидлади
08:31 / 28.08.2024
Россия Украина билан уруш қатнашчиларига Қримдан ер беради
08:34 / 17.08.2024
Россия 12 та ATACMS ракетаси томонидан Қрим кўпригига уюштирилган ҳужумни қайтарди
08:28 / 05.08.2024