Жаҳон | 02:32 / 20.10.2018
4818
2 дақиқада ўқилади

Ассанж унга бошпана берган Эквадор ҳукумати устидан судга арз қилди

Фото: Peter Nicholls / Reuters

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж унга Лондондаги элчихонасидан бошпана берган Эквадор ҳукуматини мулоқотини чеклашда айблаб судга берди. 

Таъкидланишича, Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси Ассанжга Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти етакчи юрисконсульти билан учрашишни рад этган ҳамда адвокатлари билан бир нечта учрашувга рухсат бермаган. Ассанж адвокатлари мижозларининг “сиёсий бошпанасини унинг фикри ва сўз эркинлигига боғлиқ қилиб қўядиган” ўзини тутиш баённомаси бўйича эътироз билдирмоқчилар.

Ассанж ўзини элчихонада қандай тутиши кераклиги ҳақидаги 10 саҳифалик махсус баённомага кўра, Ассанжни кўрмоқчи бўлган журналистлар, адвокатлар ва бошқа одамларга ўз шахсий маълумотлари, жумладан телефон ва планшетларининг серия рақамлари ва IMEI кодларини ҳамда ижтимоий тармоқлардаги номларини тақдим қилишлари зарур. Шу билан бирга Эквадор бу маълумотларни бошқа ташкилотларга беришга ҳақли экани кўрсатилган. Баённомада таъкидланишича, элчихона Ассанж ёки унинг олдига келганларнинг мулкига тақиқлов қўйиши ва уларни ордерсиз Британия расмий идораларига топшириши мумкин. Жумладан, WikiLeaks асосчисидан мушугига ғамхўрлик қилиш, ваннахонани озода тутиш ва бошқа давлатлар ички сиёсатларига аралашмаслик талаб қилинган. Агар Ассанж талабларни бажармаса, уни бошпанадан маҳрум қилиб, Британия ҳукуматига топширилиши кўрсатилган. Аксинча, агар у ўзини яхши тутса, унга интернет қайтарилиши мумкинлиги айтилган.

Март охирида Эквадор элчихонаси Ассанжни барча алоқа воситаларидан маҳрум қилганди. У элчихонада 2012 йилдан бери қолмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид