Жаҳон | 00:55 / 24.10.2018
27782
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Алмазбек Атамбоевнинг бойлиги манбалари номаълумлигича қолмоқда

Фото: РИА «Новости»

Британиянинг OpenDemocracy нашри “Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев давридаги элита орасида эҳтимоли коррупция ҳақида нималарни биламиз?” мақоласини эълон қилди. Мақолада Қирғизистоннинг собиқ давлат раҳбари президентлиги йиллари, унинг кадрлар тайинлови, шунингдек, унинг бошқаруви чоғида эҳтимолли коррупцион битимлар таҳлил қилиб чиқилган.

Хабар қилинишича, ўтган йилнинг ноябрь ойига қадар гарчи “манбалари номаълумлигича қолаётган” бўлса-да, Алмазбек Атамбоев Қирғизистоннинг ниҳоятда бой президенти бўлиб турган.

Ваколат муддатлари тугагач, экс-президент исми миниципал мулкни ноқонуний хусусийлаштиришдан тортиб инфратузилмавий лойиҳалар маблағларини ўмаришгача бўлган жиноят ишларида тилга олина бошланди. Атамбоев ва унинг энг яқин гумашталари коррупция ва ноқонуний фаолиятда айбланган мақолалар Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлади.

Олтмиш икки ёшни қоралаган Алмазбек Атамбоев ўз бойлиги билан ошкора мақтанишни ҳам яхши кўрарди. 2016 йилда, хорижий давлатлар элчилари ишончи ёрлиқларини топшириш маросимида Қирғизистон президенти унинг сиёсий карьераси миллиардерга айлангач бошланганини айтиб ўтган. 2017 йилнинг февралида Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида экс-президент (учинчи шахсда) мақтанган: “Атамбоев ҳеч қачон ўғрилик қилмаган! У ўз пулларини ўзи ишлаб топган! Атамбоев миллиардерга айланганида, бугунги миллионерлар ўз бизнесларини энди бошлашган эди!”

Бироқ экс-президентнинг декларацияланган даромади жуда камтар. 2010 йилда у вақтинчалик ҳукуматда бош вазир сифатида 5.944 доллар ишлаб топган. 2015 йилга келиб, расмий маълумотларга кўра, Атамбоев 111.205 доллар, унинг рафиқаси Раиса Атамбоев 580.860 доллар даромад кўришган.

Бироқ, ҳашаматли бойликларга эътибор қаратилса, собиқ президент оиласи президентлик чоғида анча кўпайган, бироқ келиб чиқиши номаълум бўлган янада каттароқ молиявий ресурсларга эга эканлиги ойдинлашади.

Шундай объектлардан бири — Бишкекдан жануброқда жойлашган, 2016 йилда қурилган Қўйтошдаги уч қаватли саройдир. Президентликка сайланганига қадар Атамбоев Бишкекнинг шарқидаги кўзга ташланмас уйда истиқомат қилган.

2018 йилнинг мартида собиқ президент Бишкекдаги давлат президент қароргоҳи ҳудудида майдони 300 квадрат метр бўлган ёзги вилла қуради.

Нашрнинг ёзишича, энди, Алмазбек Атамбоев давридаги собиқ бош вазир (Сапар Исақов) қамоқхонада, унинг маслаҳатчиси (Икромжон Илмиянов) мамлакатдан чиқариб юборилган бир пайтда собиқ президент ҳам “мамлакатдан чиқиб кетиш” тадоригини кўрмоқда.

22 октябрь куни собиқ президент Қирғизистон социал-демократик партияси етакчиси сифатида Осиё сиёсий партияларининг халқаро конференцияси Бош ассамблеясида иштирок этиш учун Москвага йўл олган. Атамбоевнинг ўзи Санкт-Петербургга яқин қариндошларидан бирининг дафн маросимига отланаётганини айтиб ўтган, бу эса фаолларнинг фикрича, эҳтимолли судланиш таҳдиди остида мамлакатдан қочиш учун бир баҳонадир.

Мавзуга оид