Жамият | 10:01 / 24.10.2018
5282
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини оммавий спортга жалб этишга чақирмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти оммавий спорт билан фаол шуғулланиб, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда ташаббус кўрсатмоқда. Машғулотларда вазирлик марказий аппарати ходимлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва проректорлари ҳамда республика даволаш муассасалари бош шифокорлари қатнашди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

– Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт, шахсий гигиенага амал қилиш, чиниқиш ҳамда турли зарарли одатлардан воз кечиш ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ушбу жиҳатларга риоя қилсак, кўплаб хавфли хасталиклар, жумладан, миокард инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкологик касалликларнинг олдини олган бўламиз. Жисмоний фаол инсоннинг дунёқараши ва фикрлаши ҳам соғлом, меҳнатида эса унум бўлади, – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жумладан, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ҳам устувор вазифасидир. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ушбу йўналишда малакали кадрлар билан етарли даражада таъминлаш, соҳанинг моддий-техник базасини шакллантириш, энг муҳими, спорт тиббиётини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 сентябрь куни ўтказилган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда аҳолининг барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа кўплаб долзарб масалаларга эътибор қаратилиб, тегишли идора ва мутасаддилар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Мавзуга оид