Ўзбекистонда Ички ишлар органлари ходимлари куни. Тошкент вилоятида қатор ходимлар мукофотланди
Ўзбекистонда 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бу байрам нафақат, тинчлик посбонлари хонадонида, балки республика бўйлаб байрам шукуҳида ўтади.
Айнан шу байрам арафасида Тошкент вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилинди. Буйруқ ўқилиши асносида бошқарма бошлиғи полковник Ш.Умаров мукофотланган ҳар бир ходимга алоҳида миннатдорчилик билдириб, қолганларни ҳам улардан ўрнак олишга чақирди.
- Бу йилги касб байрамини биз бутунлай ўзгача тарзда нишонлашга қарор қилдик, - дейди Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ кадрлар бўлими бошлиғи, майор Адҳам Исмоилов. - Шу сабабли байрам билан фақатгина ибрат кўрсатган ходимларни эмас, шу билан бир қаторда уларнинг ота-оналарини ҳам табрикладик. Бунинг учун мукофотланган ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, ходимларимизнинг ҳам яшаш шароитлари, турмуш тарзлари билан танишдик. Оила аъзолари билан суҳбатлашдик. Шунингдек, бошқармамиз томонидан ажратилган совғаларни ва ота-оналари номига ёзилган ташаккурномаларни топширдик. Шундай фарзандни тарбиялаб вояга етказганлари учун уларга миннатдорчилик билдирдик.
KUN.UZ таҳририяти Ички ишлар органлари ходимларини касб байрамлари билан табриклайди. Машаққатли ва шу билан бирга шарафли ишларида муваффақият тилайди.