Спорт | 08:14 / 29.10.2018
17056
2 дақиқада ўқилади

“Лестер”да клуб хўжайини ҳалок бўлгани тасдиқланди

“Лестер Сити” клуб хўжайини Вичай Шриваддханапрабханинг вертолёти ҳалокатга учраши юзасидан расмий баёнот берди. Воқеа 27 октябрда “Лестер”нинг уй майдони “Кинг Пауэр” стадиони ёнида юз берган. 

Фото: AFP

Лестершир графлиги полициясининг маълум қилишича, фожиада яна 4 киши ҳалок бўлган. Полиция баёнотида айтилишича, вертолёт бортида таиландлик миллиардернинг икки ходими –  Нурсара Сукнамай ва Кавепорн Пунпарэ, учувчи Эрик Сваффер ва йўловчи Изабела Роза Лечович бўлган.

Фото: REUTERS

Ҳалокат “Лестер”-“Вест Хэм” учрашувидан кейин юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, вертолёт одатдагидек футбол майдонидан ҳавога кўтарилган. Бир неча сониядан кейин учувчи бошқарувни йўқотган ва вертолёт стадион ёнидаги автотураргоҳга қулаган. 

“Чуқур қайғу ва юракда оғриқ билан клуб эгаси Вичай Шриваддханапрабха шанба кечаси у ва яна 4 йўловчи бўлган вертолёт ҳалокатга учраган фожиада ҳалок бўлганлар орасида борлигини тасдиқлаймиз. Бизнинг барча ўйлар Шриваддханапрабха ва қолган қурбонлар оилалари билан бирга. Вичай қиёфасида биз яхши инсон, ҳотамтой, умрини ўз оиласига бағишлаган, уни жуда яхши кўрган ва муваффақиятли бошқарган инсонни йўқотдик. “Лестер Сити” унинг оиласи эди”, деб айтилган клуб берган баёнотда.

Фото: Getty Images

Шриваддханапрабха “Лестер”ни 2010 йилда сотиб олган. Клуб ўша вақтда Англия чемпионатининг 2-дивизионида иштирок этган. “Тулкилар” қисқа вақт ичида Премьер-лигага кўтарилиб, 2015/2016 йиллардаги мавсумда чемпионликка эришишган.

Фото: AFP

Мавзуга оид