Ўзбекистон | 11:18 / 29.10.2018
103046
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик генерал Ўзбекистонда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси билан ушланган

Ёзда қўлга олинган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси собиқ раҳбарини ушлаш бўйича режа кўп йиллар давомида ишлаб чиқилган.

Asia-Plus маълумотларига кўра, Тожикистон Олий суди томонидан 28 йилга озодликдан маҳрум этилган, республика ИИВнинг гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси билан кураш бошқармаси собиқ раҳбари Файзулло Гадоев шу йилнинг ёз ойлари бошида Ўзбекистонда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси билан қўлга олинган.

Гадоев Тожикистон ҳудуди орқали афғон гиёҳванд моддаларини Ўзбекистонга олиб ўтувчи сифатида кўрилган ҳамда уни қўлга олиш режаси икки қўшни давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган.

«Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан жуда кўп миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси, катта миқдордаги нақд пуллар топилди ва мусодара қилинди», - дея хабар берган нашр манбаси.

Қўлга олинганидан Ўзбекистон махсус хизматлари Файзулло Гадоевни Тожикистонга топширишди.

Файзулло Гадоев Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган.

У Тожикистон ИИВ Гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси билан кураш бошқармаси бошлиғи лавозимидан бўшатилгандан сўнг, 2007 йилда республика ички ишлар органлари пенсионери ҳисобланган.

Файзулло Гадоев 15 октябрь куни 28 йилга озодликдан маҳрум этилди. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани айтилади.

Гадоев «милиция генерал-майори» махсус унвонидан ҳам маҳрум этилди. Унга илгари топширилган барча кўкрак нишонлари ва медаллар бекор қилинди.

Мавзуга оид