Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Индонезиядаги авиаҳалокат янги авлоддаги Boeing модели учун дастлабкиси бўлди
189 кишининг ўлимига сабаб бўлган Индонезиядаги Boeing 737 MAX 8 самолётининг қулаши янги авлоддаги Boeing самолётлари ичида биринчиси бўлди. Турли версиялардаги MAX самолётлари энди-энди авиакомпанияларга етказиб берилмоқда.
Маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишларича, Lion Air авиакомпаниясига тегишли лайнер Жакарта аэропортидан Панкалпинанг томон қилган парвозидан 13 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолган. Бунгача самолёт экипажи аэропортга қайтиш учун рухсат сўраган.
Lion Air Group бош директори Эдвард Сираитнинг Reuters’га билдиришича, ушбу лайнерда техник муаммолар аввал ҳам кузатилган: Балидан жакарта томон учганда ҳам носозликлар кўзга ташланган. Сираит барча носозликлар ўшанда бартараф этилганини айтиб ўтган эди.
Сираит носозлик айнан нимада намоён бўлганига аниқлик киритмаган, бироқ Lion Air’нинг бошқа самолётларида бундай муаммо йўқлигини айтган. Айни пайтда компания 11 та Boeing 737 MAX 8 самолётларидан фойдаланмоқда, Lion Air улардан воз кечмоқчи эмас. Ява ороллари соҳилига яқин қулаган Boeing 737 MAX 8 шу йилнинг август ойидан буён парвоз қилаётган эди.
Lion Air — Индонезиянинг энг йирик (жами парвозларнинг 45 фоизи) ҳамда бюджет авиакомпанияси ҳисобланади. Компания ихтиёрида 118 та самолёт бор. Шуларнинг 11 таси Boeing 737 MAX 8 самолётларидир. Компания шу русумдаги самолётдан яна 90 та буюртма қилган.
Индонезия ҳукумати ҳалокат сабабини ошкор этмаяпти. «Самолёт шу қадар замонавийки, у ҳамма маълумотни юборишга улгурган, биз уларни синчиклаб ўрганиб чиқамиз. Лекин барчасига ойдинлик киритадиган асосий нарса — қора қутидир», — деган Индонезия транспорт хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Сорянто Тяхёно.
Boeing 737 MAX — бу энг сўнгги русумдаги самолётларнинг янги авлоди бўлиб, техник характеристикалари бўйича 6 минг донадан кўпроқ ишлаб чиқарилган Next-Generation авлодидаги Boeing 737 самолётларидан устунлик қилади. MAX ёқилғини кам сарфлайди (14 фоизга), ҳаво қаршилигини қисқартиради, шунингдек, унинг зарарли тутун ва шовқин чиқариш даражаси кескин пасайтирилган.
Boeing 737 MAXʼнинг дастлабки парвози 2016 йилнинг январида ўтказилган. 2017 йилнинг мартида АҚШ федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) тижорат эксплуатацияси учун самолётга сертификат берган, 2017 йилнинг майидан дастлабки самолётлар Malindo Air авиакомпаниясига етказиб берилган. Бугунги кунда ишлаб чиқарилган янги авлоддаги самолётлар сони икки юзга яқинлашган.
Умуман олганда, 1968 йилдан буён ишлаб чиқарилган турли авлод ва турли русумдаги Boeing 737 самолётларининг сони 10 минг 300 тага яқинлашган. Boeing 737 жаҳондаги энг оммабоп самолёт ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида Ер куррасида бундай самолётларнинг 5 мингдан зиёди осмонда бўлади.
Boeing 737 — энг кўп авиаҳалокатга учраган, энг кўп марта олиб қочишга уринилган самолёт ҳамдир. 2018 йилнинг октябрь ҳолатига кўра 208 та Boeing 737 самолёти авиаҳалокатга учраган ва 5038 кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Мавзуга оид
21:14 / 05.05.2025
Жанубий Корея аэропортлар яқинида қушларни назорат қилишни кучайтиради
21:53 / 02.05.2025
Трамп президент самолётини алмаштиришга қарор қилди
19:24 / 16.04.2025
Россия АҚШдан музлатилган активлари ҳисобидан Boeing самолётларини сотишни сўради — Bloomberg
21:41 / 21.03.2025