Президент раислигида қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотлар экспортини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар, илмий ишланмалар, айниқса, томчилатиб суғориш технологиясини кенг жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
«Исроил давлатининг бу борадаги тажрибаси кўрсатиб ўтилди. У ерда қишлоқ хўжалиги томчилатиб суғоришга мослашгани учун бир километр ҳам коллектор дренаж тармоғи ва шўрланган майдонлар йўқ. Мелиорация тадбирларига умуман харажат қилинмайди.
Юртимизда сувни тежаш технологияларини татбиқ этиш бўйича етарли иш олиб борилмаётгани, бунинг оқибатида 140 минг километр узунликдаги коллектор дренажларга катта маблағ сарф бўлаётгани танқид қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
«Сувни тежовчи технологияни қўллаш ҳисобига 50-60 фоиз сувни иқтисод қилиш мумкин. Биргина кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш сувни 10-15 фоизга, томчилатиб суғориш эса 35-65 фоизга тежаш имконини беради. Лекин, томчилатиб суғориш тизими жуда кам майдонларда жорий этилган, холос», – деган Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, 2019-2021 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермерлар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.
Қишлоқ хўжалиги комплексидаги энг асосий масалалардан бири экспортбоп мева-сабзавот етиштириш ва уни экспорт қилишдир. Аммо Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ҳудудлар раҳбарлари билан тизимли иш олиб бормагани оқибатида экспорт прогнозини тўлиқ таъминлай олмаслик хавфи мавжудлиги қайд этилган.
Шу боис ҳар бир ҳудуд билан экспорт бўйича икки ойлик режани кунма-кун белгилаб, тизимли бажариш вазифаси қўйилган. Шу билан бирга, кегуси йил экспорти учун сабзавот экинларини экиш бўйича топшириқлар берилган.
Ўзбекистоннинг иқлим шароити эртапишар маҳсулотлар етиштириш имконини беради. Баҳор ойларида хорижий мамлакатларда уларга талаб ортади. Лекин бу имкониятдан унумли фойдаланилмаяпти.
Йиғилишда тегишли вазирлик ва ташкилотларга Россия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди.
«Яна бир бор айтаман, экспорт давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан биридир. Шунинг учун ҳар бир вазирлик ва идора экспортни ривожлантириши керак», – дея таъкидлаган президент.
Йиғилишда янги ташкил қилинган уюшмалар фаолиятига ҳам эътибор қаратилган. Улар ўз йўналишлари бўйича янгиликка интилмаётгани, соҳадаги ўрни сезилмаётгани танқид қилинган.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларига инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланган.
Ерни ҳақиқий эгасига бериш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уруғчиликни ривожлантириш, минерал ўғитлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги техника паркини янгилаш, маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Мавзуга оид
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024