Иқтисодиёт | 16:26 / 05.11.2018
57363
9 дақиқада ўқилади

Ғишт нархи нега ошиб бормоқда?

Асрлар ўтса ҳам ғишт бинокорликда муҳим маҳсулотлигича қолмоқда. Айниқса Ўзбекистон ҳудудида у асосий қурилиш маҳсулотларидан бири. Аммо сўнгги пайтларда ғиштнинг баҳоси мунтазам равишда ошиб боряпти. Қандай омиллар бунга сабаб бўлаётганини таҳлил қилишга уринамиз.

Баландпарвоз туюлар, аммо бу ҳақиқат – сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳақиқий улкан қурилиш майдонига айланди. Аввалига хусусий сектор вакиллари йирик қурилишлар олиб боришган бўлса, охирги икки йил давомида давлат томонидан ҳам улкан бунёдкорлик лойиҳалари амалга ошмоқда. Ўзбекистонда қурилиш материалларига, хусусан ғиштга бўлган талаб мунтазам ошиб бориши бежиз эмас албатта. Лекин унинг нархи ҳам доим кўтарилиб кетаётгани ўйга толдирмай қўймайди. Бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида соҳа вакилларини суҳбатга тортдик.

Биринчи суҳбатдошимиз йирик ишлаб чиқарувчи раҳбари, қурувчи-муҳандис Даврон Юсупов бўлди.

– Даврон ака, аввало бир нарсани аниқлаб олсак, нега ҳамма соҳаларга кириб бораётган инновацион лойиҳалар қурилишда сустроқ кетяпти? Масалан, ғишт ҳамон асосий қурилиш материалилигича қолмоқда, ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаяпти.

– Бу фикрингизга қўшилмайман. Бизда ҳам анъанавий пишиқ ғишт ўрнини босувчи бир қатор маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган ва бу саноат ҳам кенгайиб боряпти. Масалан, пенаблок, газоблок каби маҳсулотлар бемалол ғишт ўрнини боса олади ва ғишт танқис бўлган пайтларда кўпчилик қурувчилар улардан фойдаланди.

– Унда ғишт нега ҳамон танқис, нархи ҳам ошиб боряпти?

– Чунки қурилиш ҳажми кескин ошди. Шахсан президент, ҳукумат ҳар жиҳатдан йирик қурилишларни рағбатлантиряпти ва бу ҳолат ҳали узоқ давом этади. Бир ўйлаб кўринг, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоққа қатор-қатор намунали уйлар қурилди. Шаҳарлар марказларида юзлаб кўп қаватли уйлар қад ростлаяпти, эски, хом ғишт ёки пахсанинг ўрнини мустаҳкам пишиқ ғишт эгалламай қолмайди.

– Фақат талабнинг ортиб кетгани туфайли ишлаб чиқарувчилар нархни ошириб юбордиларми?

– Йўқ, албатта. Бу ерда табиий газ баҳоси ҳам жуда муҳим. Сўнгги йиллар статистикасига эътибор қаратайлик – бир кубометр газ баҳоси 265 сўм бўлган пайтларда бир дона стандарт пишиқ ғишт (кейинги ўринларда - ғишт) баҳоси 450-500 сўм атрофида эди. Кейин газ баҳоси аввал 500 сўм, кейин 1000 сўм қилиб белгиланди. Табиийки, бу ишлаб чиқарувчилар фаолиятига таъсир этмай қолмади. Бундан ташқари, ўтган йили қиш ойларига келиб кўпчилик заводлар газ таъминотидан узилиб қолди. Ана шундай омиллар қўшилиб, ўтган йили талаб таклифга нисбатан бир неча баробар ортиб кетди ва ғиштнинг баҳоси энг юқори нарх – 1300-1400 сўмгача кўтарилиб кетди. Бу ҳолат давлат раҳбарияти назаридан четда қолмади ва заводлар газ таъминоти яхшиланди. Қолаверса, ижтимоий аҳамиятга эга арзон уй-жойларга маҳсулот етказиб берувчилар учун солиқ енгилликлари берилди. Ана шу рағбатлантиришлардан сўнг яна ишлаб чиқариш ҳажми оша бошлади ва табиийки нарх тушиши кузатилди. Ҳозирги кунда ғишт баҳоси ўртача 1000 сўм атрофида.

– Ғиштнинг таннархида газнинг улушини айтиб бера оласизми? Умуман бу маҳсулот таннархи, унинг ўртача фойдаси қанақа?

– Маҳсулот таннархида газдан ташқари ҳам муҳим омиллар бор. Булар хом ашё, солиқлар ва мажбурий йиғимлар, маошлар, бошқа коммунал тўловлар, транспорт харажатлари кабилардир. Ана шуларнинг ҳаммаси жамланганда ғишт таннархи ўз баҳосининг тахминан 70 фоизини ташкил қилади. Аммо йилдан-йилга янги ускуналар харид қилиняпти, модернизация жараёни кетмоқда. Булар ҳам охир-оқибат маҳсулот баҳосига таъсир қилмай қолмайди.

Ғиштнинг фақат газга боғланиб қолмаганининг исботи шуки, сўнгги йилларда газ баҳоси тўрт баробар ошгани ҳолда маҳсулот нархи икки баробар ошди холос. Бунда ишлаб чиқарувчилар ҳам маҳсулот сотилишига, бозордаги ўринларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишди.

– Фикрингизча, ғиштга бўлган юқори талаб, яъни Ўзбекистондаги қурилиш «бум»и яна қанча давом этади?

– Меъмор-муҳандис сифатида ишонч билан айта оламанки, бу жараён энди бошланди. «Тошкент сити» каби йирик лойиҳалар пойтахт туманларида ҳам, бошқа вилоятларда ҳам йўлга қўйилмоқда. Шахсан президентнинг ўзи соҳани рағбатлантириш учун қатор қарорлар имзолади. Оддий мисол, Москва шаҳрида реновация дастури йўлга қўйилганидан хабардорсиз. Лойиҳа мазмунига кўра Россия пойтахтидаги қурилишига 50-70 йил бўлган, 2-5 қаватли уйлар бузилиб, ўрнига 7-22 қаватли уйлар, турли комплекслар қурилмоқда. Чунки бу уйлар маънан эскириб бўлган, замон талабига жавоб бермайди.

Бундай уйлар умумий лойиҳалар асосида бизда ҳам қурилганини, қолаверса сейсмик фаол ҳудудда яшашимизни ҳисобга олсак, реновация дастури каби йирик дастур эртами кечми бизга ҳам кириб келади. Ана ўшанда янада кенгроқ кўламли қурилишларга гувоҳ бўламиз. Фақат бир жиҳат, белгиланган меъёрларга кўра ғиштли уйлар кўпи билан 7 қаватгача қурилиши керак. 7 қаватдан баланд бинолар эса монолит еки блокли бетондан қурилиши лозим.

Бундан ташқари, кам таъминлаган оилалар учун арзон уй-жойлар ҳам катта ҳажмда қурилмоқдаки, бу савобли иш бўлиш билан бирга ҳам қурувчига, ҳам бошпанага муҳтожларга жуда яхши бўлди. Ахир кўпчилик юртдошларимиз ижарама-ижара юришганди-да. Президентимизнинг бу ташаббус ортидан улар уй-жойга эга бўлишади, қурувчилар ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларда янги имкониятлар эшиги очилади, янги иш ўринлари очилади. Ҳозир ҳатто Ўзбекистондек аҳоли зич давлатда қурилиш соҳасида ишчи-кучи етишмаслиги кузатилаётгани ҳам айнан шу ислоҳотлар натижаси.

– Талабни қондириш учун ғишт ишлаб чиқарувчи йирик заводлар сони ҳам кўпаймоқдами?

– Албатта. Мен сизга Тошкент шаҳри ва вилояти мисолида айрим ҳолатларга тўхталсам. Биласизки, пойтахт ҳамиша қурилиш ҳажми бўйича етакчи бўлган ва бу табиий. Ҳудудий ишлаб чиқарувчилар талабни қондира олмагани учун вилоятлардан, хусусан Самарқанд ва Навоийдан Тошкентга ғишт ташиб келинарди. Аммо кейинчалик маҳсулот ўша вилоятлардаги қурилишларга ҳам етмай қола бошлади. Талаб таклифни келтириб чиқаради албатта. Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш ва талаб маълум мувозанатга келган.

Ўзбекистондаги бу жараёнларни хорижда ҳам жиддий кузатишаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Россия каби давлатларнинг йирик қурилиш компаниялари Ўзбекистон бозорига киришга интилмоқда. Мисол тариқасида яқинда бизнинг йирик заводимизни хорижий компания сотиб олди. Биз навбатдаги заводимизни қуришга киришдик.

Навбатдаги суҳбатдошимиз бу маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича ўн йилдан ортиқ тажрибага эга тадбиркор Ботир Мамадалиев.

– Ҳаммасини талаб ва таклиф ҳал қилади. Бозор иқтисодиёти бу. Ўзбекистондаги қурилиш ҳажми шундай давом этавераркан, табиийки ғиштга бўлган юқори талаб ҳам сақланиб қолаверади.

– Сизнинг заводингиз ҳам табиий газ ёрдамида ишлайдими?

– Йўқ, биз асосан кўмирдан фойдаланамиз. Сабаби ҳозирги кунда газга нисбатан кўмир билан ишлаш таннархи арзонроқ тушмоқда, таъминот ҳам қулай бўлмоқда. Дастлаб фаолиятимизни Андижонда йўлга қўйганмиз. Вилоятларда газ таъминоти кўнгилдагидек эмаслиги барчага маълум. Шунинг учун биз бошидан кўмирдан фойдаланамиз.

Шу ўринда бир фактга аниқлик киритиб кетмоқчиман. Кўпчилик «ижтимоий кўмир заводларга сотиб юборилади, шу боис аҳолига мўлжалланган ёқилғи манзилига етиб бормайди» деб ўйлайди. Асло ундай эмас. Сабаби маҳаллий кўмир сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун ярамайди, чунки 700-800 даража иссиқлик беради ва 1000 градусда пишадиган ғишт қизариб қолиб, баҳоси пасайиб кетади. Ғиштни биз асосан Қирғизистондан импорт қилинган кўмир ёрдамида ишлаб чиқарамиз. Импорт маҳсулот табиийки валюта тебранишларига таъсирчан бўлади ва охир-оқибат бизнинг маҳсулотимиз қиймати ҳам ортади.

– Ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш режангиз борми?

– Албатта. Ҳозирда Оҳангаронда замонавий хориж технологиялари асосида йирик ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш арафасидамиз ва унда иш ўринлари йигирма бешта бўлса-да, кўп жараён автоматлаштирилган.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид