Жамият | 18:00 / 06.11.2018
124720
12 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон туманида ҳокимлик мутасаддилари 82 ёшли бобонинг молини сўйиб, хомталаш қилишгани ҳақида ҳикоя

«Kun.uz» мухбири Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманининг Тарнов қишлоғига 82 ёшни қоралаган Аслам ҳожи бобо Шариповнинг таҳририятимизга ёзган шикоятини ўрганиш учун борди.

Ҳожибобо узоқ йиллар деҳқончилик билан машғул бўлиб келади. У кампири, 80 ёшни қоралаган ая билан қарилик гаштини суриб, Тарнов қишлоғидаги 6-мактаб ҳудудидан 40 сотих ерни шартнома асосида ижарага олиб, унинг 30 сотихида узум етиштириб, 10 сотихида йўнғичқа экиб келаётган эди. Етиштирилган узум ва йўнғичқанинг пулидан ўзаро келишувга асосан мактабнинг таъмири учун маблағ ажратиб турилган.

Аммо туман ҳокими Аъзамхон Баҳромовнинг 2018 йил май ойидаги қарори билан мактабнинг боғдорчилик ҳудуди пилла етиштиришга ихтисослаштирилган «Кумуш тола» МЧЖга хатлаб берилади ва гулдек яшнаб ётган боғ вайрон қилиниб, токзорлар суриб ташланади. («Кумуш тола» МЧЖ бу ерда ўриладиган тут экиб, бир йилда уч марта пилла ҳосили оладиган пиллахона барпо этмоқда).

Мактабга тегишли ер туман ҳокимлиги томонидан тасарруф этилиб, бошқа бир корхонага берилиши мумкинми-йўқми, бу алоҳида ўрганиш талаб этиладиган масала, лекин ҳоким Аъзамхон Баҳромовнинг айтишича, ўз вақтида бу ерлар азалдан мактабга ноқонуний (!) қўшиб берилган ва ўраб олинган, туманда ўзидан олдин ишлаган мутасаддилар бу борадаги ҳужжатларни ҳам йўқ қилиб юборишган.

Лекин таҳририятга етиб келган мактабнинг кадастр ҳужжатларида ҳам боғ ҳудуди мактаб ихтиёрида экани чизиб кўрсатилган. Google Maps коинотдан туширилган фотохариталарнинг архивидан ҳам билиш мумкинки, боғ азал-азалдан мактаб ҳудудида бўлган.

Ернинг янги эгалари Аслам ҳожи бобонинг баҳордан меҳнат қилиб етиштирган узум ҳосилини ҳам бермоқчи эмас эди, бироқ узоқ музокаралардан сўнг бобо узум ҳосилининг ярмини олишга муваффақ бўлади.

Майли, ер ўзиники эмас эди, давлатники эди, туман ҳокимлиги тасарруф қилади, янги эгасини топиб, қўлдан кетган бўлса — садқаи сар, аммо Ҳожибобонинг яна бир мулкига дахл қилинганки, буниси энди ҳеч бир қолипга сиғмайди. Аслам бобонинг асосий эътирози ҳам шундан.

Май ойида — боғ ҳудуди янги эгасига берилаётган чоғларда Аслам бобонинг 4,5 яшар қорамолини мактаб ҳудудидан тутиб, Labo русумли машинага юклаб, туман маркази Пайшанба шаҳарчасига олиб кетиб, сўйиб гўштини хомталаш қилишади.

Сигир қаерни пайҳон қилган экан, дерсиз?! Ҳеч қаерни! Боғ бўлгандан кейин ўт бўлади, ажриқ бўлади. Сигир эса бир чеккада қозиқланган ҳолда бўлган.

«Тарнов» МФЙ раиси Нурмуҳаммад Санақулов ўз изоҳини берди.

— 2018 йил 11 май куни кундалик ишлар билан юрган эдим, 6-мактаб ҳудудига туман ҳокими, туман прокурори, ҳоким муовинлари келишган экан, мени ҳам тезда етиб келишимни сўраб қўнғироқ бўлди. Етиб келганимда туман раҳбарлари ўша ерда эди. Мактабнинг стадионидаги дарвозага иккита қорамол боғлаб қўйилган экан. Кейин туман Ички ишлар бўлими ходимларига мактаб ҳудудидаги боғ ичида қорамол юриши мумкин эмаслиги айтилди, сўнгра профилактика инспекторлари ўша молларни машинага юклаб, олиб кетишди. Сўйишга буйруқ берилди. Бўлган гап шу, шундан сўнг биз кундалик юмушларимизга қайтдик.

Ўша куни Аслам ҳожибобонинг кампири касал, ўзи эса уйда бирга истиқомат қилувчи ўғли билан туман марказидан дори-дармон келтиришга кетишган экан, молга қараш учун масъул қилиб қолдирилган вояга етган невараси Нодирбек Асламовнинг қўлидан молни «юлиб» кетишган. Невара шундай ҳикоя қилади:

— Мен ишда эдим. Ҳоким моллар боғдан олиб чиқилсин, деган экан. Бошқалар қатори мен ҳам молни етаклаб олиб чиқиб келаётган эдим. Участковой (профилактика инспектори) Ёқуб ака яна ушлаб қайтариб мактабга олиб боришни буюрди. У ерда яна бир-икки нафар милиция ходимлари бор экан, уларни танимайман. Участковой молни дарвозага боғлаттирди. Сўнгра бизнинг молга қўшиб, яна бир молни Labo’га юклаб олиб кетишди.

Дарвоқе, маҳалла профилактика инспектори учун уй-жой ҳам мактаб ҳудудидан қуриб берилган. Ўша куни Ёқуб исмли (фамилиясини аниқлай олмадик) профилактика инспекторини излаб топа олмадик. Телефон қилганимизда «пахтадаман» деб гапни қисқа қилди.

Аслам бобонинг ўзи кейинги воқеаларни шундай гапириб берди:

— Молни олиб кетишганидан сўнг мен икки кун ўтиб «райком» бобонинг олдига бордим. «Иккинчи секретари»га кирдим, Қилич деган йигит экан. «Мен бу ишга бекор аралашибман, аралашмасам бўлар экан», деб қолди. «Қайтариб берсангиз бўлмайдими?» деб сўрадим. «Йўқ, беролмайман» деди. «Райком»  бува мажлис қилаётган экан, кутиб турдик, навбатимиз етиб келди. Салом бериб кирдик. Алик олдилар. Қилич ҳам кирди. «Райком» бувага қоғозларни етказди. «Бу ерда 18та қорамол эди-ку, нега биттасини олиб келдинг?» деб сўрадилар «райком» бува Қиличдан. Қилич манга имо қилиб, «чиқиб кетаверинг» дегандек қилди. Чиқиб кетавердим, «нима учун келдинг, мақсадинг нима?» деган савол жавоб бўлмади-да…» — дейди Аслам бобо.

Биз Пайшанба шаҳарчасидаги деҳқон бозорида ўша молни сўйган қассобни ҳам топдик.

— Ўша куни туман ҳокими ўринбосари Қилич (Худойбердиев) олдимга келди. Сўйишга буюрилган моллар жами учта эди. Молларнинг эгаси таниш чиқиб қолди. Мен бу иш яхши эмас, дедим. Ҳамсоямнинг поччасиники экан, деб иккита молни сўйилишдан қутқардим. Биттасини сўйдим. Ориқроқ тана эди. Мен уни сўйиб, 5-10 килодан бўлаклаб бердим. Аммо гўштини улар қаерга олиб кетиб, қаерга беришганини билмадим. Жами 119 кг гўшт қилганди.

Туман ҳокимлигига бориб, Каттақўрғон туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалар бўйича ўринбосари Қиличбек Худойбердиевдан А.Шариповга тегишли қорамол борасида сўрадик:

«Ким айтди?» — деб сўради у.

«Ҳамма айтди, ҳаттоки сўйган қассоб ҳам», — дедик биз.

«Ҳозир мен қассобни топай-да», деб кабинетидан отилиб чиққанича дарагини кўрсатмади Қиличбек Худойбердиев.

Бироз ўтиб, ушбу масала юзасидан туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов бизни қабул қилди.

Ҳоким бува муддаомизни эшитиб, аввалига калькуляторни олди ва пахтага тушган моллар бир ҳамлада қанча кўсак ейиши-ю, фермерга қанча зарар келтиришини ҳисоблаб ташлади. Очиғи, ноллари еттиталик қўрқинчли сонлар ҳосил бўлди. Бу суммага камида 10-15та мол олиш мумкин. «Шунинг учун моллари пайҳон қилган фуқароларнинг ўзи, ўз ихтиёри билан зарарни қоплашга қурби етмаслигини билиб, моллари сўйилишига розилик беради», деб тушунтирди туман раҳбари.

Лекин, Аслам ҳожи бобонинг моли пахтага тушмаган. Барча гувоҳларнинг кўрсатмаси билан бобо ижарага олган (тўғри, кейинроқ янги эгасига хатлаб берилган) мактаб боғидаги ариқ ёнида қозиқ билан арқонланган бўлган.

«Бобо билан шахсан ўзим гаплашганман, у кишининг ҳеч қандай эътирози йўқ», деди туман ҳокими бу эътирозга жавобан. Ҳолбуки, бу сўзлардан ярим соатча олдин Аслам бобо бутун дардини камера қаршисида дастурхон қилиб бўлган эди.

«Мактабга ноқонуний бириктирилган ерда бу маҳаллада истиқомат қилувчилар «фазенда» барпо этиб, ундан ноқонуний фойдаланиб келишган. Шу сабабли биз 1,2 гектарга яқин ерни туманга инвестиция киритаман, деган корхонага хатлаб бердик», деди туман ҳокими.

Оила узоқ йиллардан буён меҳр билан парваришлаб, фойдаланиб келаётган боғнинг яксон қилиниши, боз устига, улар кутаётган ҳосилнинг тенг ярми ҳудуднинг янги эгалари томонидан «мусодара» қилиниши туфайли можаро келиб чиққанини инкор этмаслик керак. Бу борада бизга айрим видеофайллар ҳам тақдим этилди.

Аммо, мол бобонинг не гуноҳи учун сўйилди? Ўрганишларимиз натижасида бу саволга тайинли жавоб топа олмадик.

Ваҳоланки, мол мусодара бўлиши учун кимдир судга даъво қилиши керак. Суд ўрганиб чиқиб, жарима қўллаши керак (энг кам иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда). Лекин ҳеч қанақа суд ҳам, қарор ҳам бўлмаган.

Ҳар қандай ҳолатда, модомики, ҳожи бобонинг ёки тумандаги бошқа бировнинг моли экинларни пайҳон қилганида, фермерга етти ноллик сонда ифодаланувчи зарар етказилганида ҳам, фермер судга даъво аризаси киритиши, сўнгра зарар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилиши, айбдорга эса тегишли жазо қўлланилиши лозим эди.

Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида, уни суддан бошқа ҳеч ким мусодара қилишга ҳақли эмас.

KUN.UZ сайтида аввал ҳам Фарғона вилоятида фуқаронинг қўйлари ИИБ ходимлари томнидан ҳайдаб кетиб яшириб қўйилгани, Бухоро вилоятида ИИБ ходимлари томонидан қўйларнинг дала бошида сўйиб ташлангани, Сирдарё вилоятида ИИБ ходимлари ёпирилиб келиб чорвадор фермернинг яйловдаги бўғоз қўй-эчкиларини бўғизлаб ташлагани ҳақида хавотирли мақолалар эълон қилинганди.

Бироқ, прокуратура органлари томонидан мазкур қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан бирорта муносабат билдирилмади, чоралар кўрилмади. Фуқароларнинг мол-мулкини судсиз, ўзбошимчалик билан мусодара қилиб, талон-тарож қилиш борасидаги ҳақсизлик эса давом этмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фуқароларнинг мулкини мусодара этиш учун ички ишлар органларига ким ёки қайси қонун ҳуқуқ берган?! Юридик соҳада меҳнат қилаётган милиционерларимиз, участка профилактика инспекторларимиз ҳокимларнинг ноқонуний оғзаки буйруғини кечиктирмасдан бажаришдан (ва барча юридик оқибатни ўз гарданига олишдан) аввал хизмат вазифасига доир низомларни, кодексларни бир ўқиб олишса бўлармиди? Илло, эртага прокуратура органлари бундай ҳолатлар бўйича чиндан ҳам текшириш бошлаб қолишса, ҳокимлар ҳеч нарсани бўйнига олмасдан, «сувдан қуруқ чиқишади», айбдор эса улар бўлиб қолишади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бу борада ўзининг қуйи бўғиндаги ходимларига тегишли кўрсатмалар беришга фурсат етмадимикан?

Ўқувчиларимизда воқеа май ойида содир бўлган бўлса, нега KUN.UZ буни ноябрь ойига келиб ўрганяпти, деган ҳақли савол уйғониши тайин. Аммо, шикоятчилар кўплаб инстанцияларга мурожаат қилишган, қониқарли жавоб бўлмагач, йўл-йўриқларни ўрганишган, йўқ бўлиб кетган молига ичи ачиб, ниҳоят журналистларни безовта қилишган.

Биз журналистларнинг миссияси эса айблаш эмас, вазиятга четдан назар ташлаган ҳолда, уни холис ёритиш. Холис ўрганиш натижасида айтадиганимиз эса 82 ёшли пиру бадавлат Аслам бобо Шариповнинг дуосини олиш ўрнига кимлардир қонунларимизни оёқости қилмоқда.

P.S. KUN.UZ Каттақўрғон туманидаги ушбу масала Аслам бобонинг фойдасига ҳал бўлишига заррача ишонмайди ва масалани ортиқ кузатмайди. Мутасаддилар енгил нафас олаверишлари мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz махсус мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид