Жаҳон | 22:01 / 07.11.2018
10210
2 дақиқада ўқилади

Lion Air’нинг яна бир самолёти ҳалокатга учрашига бир бахя қолди

Фото: Reuters

Индонезиянинг Lion Air авиакомпанияси самолёти Бенгкулу шаҳридан ҳавога кўтарилиш вақтида ёруғлик мачтаси билан тўқнашиб кетди. Detik порталининг маълум қилишича, самолётдаги 143 йўловчи ва экипажнинг 7 аъзосига ҳеч нарса қилмаган. 

Boeing 737-900 самолёти ҳаракатланиш вақтида номаълум сабабларга кўра чап қаноти билан ёруғлик устунига теккан, бунинг оқибатида қанот қисман деформацияланган. Йўловчилар аэропорт биносига эвакуация қилинган, кейинроқ уларга Жакартага учиш учун бошқа самолёт берилган. Айни вақтда воқеа сабаби аниқлаштирилмоқда.

29 октябрда шу авиакомпаниянинг Boeing 737 Max 8 самолёти Жакартадан Панкалпинанг шаҳрига парвоз бажараётган вақтда ҳалокатга учраганди. У ҳавога кўтарилгандан 13 дақиқа ўтиб номаълум сабабларга кўра Ява денгизига қулаган. Самолётда бўлган барча 189 киши ҳалок бўлган. 

Lion Air Индонезиядаги авиаташувларнинг тахминан 40 фоизини бажаради. 2017 йилда авиакомпания 51 млн кишига хизмат кўрсатган. Авиакомпания Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясидан кейин Жануби-Шарқий Осиёда йириклиги бўйича 2-рақамли лоукостер ҳисобланади. Унинг паркида деярли 300 та самолёт бор бўлиб, улардан аксариятини Boeing’лар ташкил қилади.

Мавзуга оид