Жаҳон | 20:15 / 10.11.2018
44773
5 дақиқада ўқилади

Арабистонда ёнғоқ катталигида дўл ёғди. Кейинги 20 йилдаги энг шиддатли ёғингарчилик тафсилотлари

Икки-уч ҳафтадан буён Арабистон яриморолида ноқулай об-ҳаво шароити ҳукмрон бўлиб турибди. Кучли ёмғирлар минтақанинг қатор давлатларида кўплаб талофатларга сабаб бўлмоқда. Саудия Арабистони шарқида табиий иқлим офатидан ҳимояланишнинг «қизил» режимига ўтилди, Иорданияда эса сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етди.

Саудиядаги ёмғир айниқса пайшанба ва жума кунлари кучайди: шаррос жала қуйиши баробарида момақалдироқ ва чақмоқ чақиши ҳам кузатилди. Денгиз сатҳидан нисбатан баланд провинцияларда ёнғоқ катталигида дўл ёғди, айрим ҳудудларда шамол тезлиги шарқдан секундига 40 метр тезликкача етди. Натижада қум бўронлари кўтарилди, бу транспорт ҳаракати учун кўриш имкониятини чеклаб қўйди. 8 ноябрдан 9 ноябрга ўтар кечаси тун давомида қиролликнинг аксарият ҳудуди туман остида қолди.

Фото: Okaz

Умуман, Саудия Арабистонининг аксарият йирик шаҳарлари – Жидда, Макка, Мадина, Ар-Риёдда 28 октябрдан буён ёмғир тинмаяпти. Saudi Gazette`нинг ёзишича, биргина Жидда шаҳрида офат оқибатлари билан курашиш, асосий йўллардаги сувни насослар ёрдамида бартараф этиш учун 1700 ходим ва 837 та техник восита жалб этилган.

Жидда
Фото: Okaz
Фото: Okaz

Шунингдек, кеча Ар-Риёдда эса кучли жала оқибатида қирол Холид номидаги халқаро аэропорт томи ўпирилиб тушди, бунинг натижасида бино сувга тўлди.

Бу Саудияда сўнгги 20 йил давомида кузатилган энг шиддатли ёғингарчилик сифатида баҳоланмоқда. Қурбонлар ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо ОАВ сўнгги марта 4 кун олдин камида 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди. Вафот этганлар қайси ҳудудлардан бўлганига ҳамон аниқлик киритилгани йўқ.

Иорданияда ҳам давом этаётган тинимсиз ёмғир энг йирик сайёҳлик марказларидан бири Петра шаҳрида тошқинларни келтириб чиқарди. CNN маълумотига кўра, шаҳардан 3500 нафардан зиёд турист эвакуация қилинган. Бир нечта шаҳардаги қурбонлар сони 12 нафарга етди, улар орасида аёллар ва бир нафар қиз бола ҳам бор. Қутқарув хизматлари ҳозирга қадар 60 дан зиёд инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди, улардан 9 нафари шифохонага ётқизилди.

Фото: Petra News Agency / EPA

Al Jazeera хабарига кўра, пойтахт Амманни жануб билан боғловчи транзит йўл ёпиб қўйилган. Тошқиндан талофат кўрган ҳудудлардан қутқариб келинган одамлар масжидларда яшаб туришибди.

Қайд этиш жоиз, Иорданияда бундан икки ҳафта олдин ҳам сув тошқинлари рўй берган, офат 21 кишини ҳаётдан олиб кетган эди. Уларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари бўлган. Ўша воқеадан сўнг мамлакат туризм ва таълим вазирлари ишдан олинган.

Кувайтда ҳам аномал об-ҳаво шароити мамлакат Жамоат ишлари вазири истеъфосига сабаб бўлди. Kuwait Times`нинг хабар беришича, Ҳусам Ар-Руми «фавқулодда кучли ёмғирлар сабаб Кувайт ва унинг фуқароларига етказилган моддий зарар учун тўла масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда» ишдан бўшашини айтган. Ундан ташқари, жамоат йўллари соҳасидаги бир қанча юқори лавозимдаги амалдорлар лавозимидан кетган.

Маълумотларга қараганда, Кувайтда охирги 2 ҳафта ичида йиллик ёғингарчилик миқдорининг учдан бир қисми миқдорида ёмғир ёғган. Мамлакат бўйлаб аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолган, мактаблар ёпилган, баъзи давлат ташкилотлари ва Кувайт фонд биржаси ҳам ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Кувайт миллий гвардияси, шунингдек, қўшни Саудия Арабистони фавқулодда хизмати ходимлари ҳам ёрдамга жўнатилган. Ҳозирча қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот берилмади.

Arab News`нинг маълум қилишича, бугундан минтақада ёғингарчилик даражаси анча пасайиши кутилмоқда. Шанба куни яриморолнинг кўплаб ҳудудларида очиқ қуёшли ҳаво кузатилди, фақат баъзи жойларда кам миқдорда ёмғир ёғди. Шунга қарамай, Саудия Арабистони Метеорология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бош бошқармаси мамлакат ғарбида, хусусан Макка ва Мадина шаҳарларида кучли шамол ва қум бўронлари сақланиб қолишини маълум қилган.

Мавзуга оид