«Халқ таълимига кам маблағ ажратилган». Вазир ўринбосари масалани қандай ечиш мумкинлигини кўрсатмоқда
Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда халқ таълими соҳасидаги муаммолар ҳақида гапирди.
Вазир ўринбосари айни пайтда давлат бюджетидан халқ таълими соҳасига сарфланаётган пуллар барча мактаблардаги шароитларни бир йилда ҳал қилиш учун етарли эмаслигини айтиб, балки бу маблағ билан 10 йилда ҳам тизимни ислоҳ қилиб бўлмаслигини маълум қилди.
Видео: Youtube.com
Видео: Tas-IX
«Бизнинг асосий мақсадларимиздан бири - вазирликни кучайтириш. Бу дегани янги кадрларни олиб келиш, шунинг учун давлат томонидан қўшимча маблағ ажратилди. Асосий иш йўналишимиздан бири ҳам кадрларни йиғиш, халқ таълими соҳасини тушунган, халқаро тажрибага эга мутахассисларни вазирликка чорлашдир.
Халқ таълимига қанча пул ажратилган тақдирда ҳам, бу етарли бўлмайди. Давлат дастури бўйича манзилли рўйхат асосида мактабларни ўрганиб чиққанимизда, таъмир ва жиҳозлаш учун 4,5 триллион сўм зарур эканини маълум бўлди. Бу 1600дан ортиқ мактаб эҳтиёжларига сарф этилади. Умумий ҳисобда 10 мингга яқин мактаб фаолият кўрсатиб турибди, демак унинг 16 фоизини яхшилаш учун шунча маблағ талаб этиляпти.
Давлат бюджетидан ажратилган пул эса 900 миллиард сўм атрофида, яъни кутилган маблағнинг 1/4 қисми тақдим этилган. Энди, пулни қандай тақсимлаш керак? Оғир шароитда фаолият олиб бораётган, авариявий ҳолатда ишлаётган, ўқувчилар сони ўз қувватидан ортиб кетган мактабларга маблағлар сарфланиши назарда тутилган», - дейди Назиров.
Хорижий амалиёт тажрибасига эга вазир ўринбосарига кўра, муаммоларни ҳал этишнинг бир нечта йўли мавжуд. Шулардан бири - собиқ коллеж биноларига эгалик қилиш бўлса, иккинчиси - ваучер молиялаштириш услубидир.
«Афсуски, бу - 20 йилдан буён йиғилиб қолган муаммолар. Халқ таълими тизимига етарли маблағ ажратилмаган. Бу масаланинг ижобий ечими қандай бўлади? Хабарингиз бор, касб-ҳунар коллежларнинг кўплари тугатилмоқда, ўқув биноси эса бўшайди. Бизнинг талабимиз шундаки, халқ таълими тизимига керак коллеж бинолари вазирлик тасарруфига берилиши лозим. Бу борада президент ҳам бизни қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда республика бўйича 600дан ортиқ коллеж биносини қўлга киритиш бўйича таклиф билдирганмиз. Янги мактабларни қуришга йирик маблағ ва вақт керак, коллежлардан бўшаётган бинолар эса фойдаланишга тайёр турибди.
Олдимизда турган иккинчи ечим ҳам бор, бу борада Молия вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Амалиётда ваучер молиялаштириш услуби мавжуд. Услуб ҳар бир боланинг таълим олиши учун давлат томонидан ажратиладиган маблағни назарда тутади. Ўқувчиларнинг сонига қараб, мактабларга маблағ йўналтирилади. Пул оқими очиқ бўлади, шаффофлик кафолатланган, ота-оналар кузатади. Мактаб директорининг ишда рағбати ошиши пайдо бўлади, яъни болаларнинг сонини ошириш манфаатли бўлади», - дейди у.
Мавзуга оид
20:55 / 21.03.2024
АҚШнинг Шарлотта шаҳрида ўзбек палови тайёрлана бошланди
22:22 / 03.10.2022
Халқ таълими вазирлиги бошланғич синфлар дарсликлари бўйича ўқитувчиларга мурожаат билан чиқди
22:39 / 26.02.2022
Халқ таълими тизимидаги раҳбар кадрлар учун “Таълимда лидерлик” курслари бошланди
22:43 / 20.11.2021