Ўзбекистон | 12:40 / 20.11.2018
5891
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк маротаба ўқувчи-ёшларнинг таклифлари асосида «Йўл харитаси» қабул қилинди

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазирлиги тизимида амалга оширилаётган лойиҳаларда ўқувчи-ёшларни иштирокини таъминлаш мақсадида “Вазирлик ва ўқувчи-ёшлар” лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Мазкур лойиҳа 16-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк бор ўтказилди. Унда Халқ таълими вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ёшлар етакчилари, “Иттифоқ“ ва “Камалак“ сардорларидан иборат 70 нафар ўқувчилар иштирок этди.

Лойиҳа доирасида ўқувчи-ёшлар Тошкент шаҳридаги 144- ва 324-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Шу билан бирга, иштирокчилар Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти билан учрашдилар, истиқболдаги режалари, умумтаълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар билан ишлаш йўналишидаги ўзларининг таклиф-мулоҳазалари ҳамда лойиҳаларини муҳокама этдилар.

Лойиҳанинг иккинчи куни Тошкентдаги Инҳа университети ташаббуси билан “Codecraft” дастурий таъминотини ўқитишга қаратилган махсус малака ошириш курси ташкил этилди. Университет мутахассислари томонидан “Codecraft” дастурий таъминоти ҳақида тушунчалар берилди ва ўқувчи-ёшлар мобиль қурилмалар учун иловалар яратиш бўйича амалий машғулотларда ҳам иштирок этишди.

Учрашув натижасига кўра, илк маротаба Халқ таълими вазирлиги ўқувчи-ёшлар билан ишлаш йўналиши бўйича ўқувчи-ёшларнинг таклифлари асосида “Йўл харитаси” қабул қилди ва уни амалга оширишда мактаблардаги ёшлар етакчилари ва сардорлари бевосита иштирок этиши белгилаб олинди.

Мавзуга оид