Ўзбекистон | 16:18 / 20.11.2018
24390
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларни Кореяга ишга жойлаштириш билан хусусий бандлик агентликлари шуғулланиши мумкин

Келгусида Ўзбекистоннинг хорижда, яъни Ж.Корея, Япония, араб давлатлари, Европа ва бошқа ривожланган, иш кучига эҳтиёжи бўлган мамлакатларда ишлаш истагини билдирувчи фуқароларига хусусий бандлик агентликлари ёрдам беришлари мумкин бўлади. Шундай қилиб, яқин келажакда, фуқароларни Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш билан фақатгина Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланмаслиги мумкин. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев вазирликда бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда маълум қилди. 

Кудбиев, шунингдек Ўзбекистондан Россияга иш қидириб борувчи фуқаролар сонига ҳам ойдинлик киритди. Хорижга ишлашга кетаётганларнинг 85 фоизи Россияни танлаган. Бир йилда Ўзбекистондан Россияга ишлаш мақсадида кетганлар сони 1,5 млн кишини ташкил этган. Ташқи меҳнат миграцияси борасида ягона агентлик бўлиши эса, чет элда ишлаш истагини билдирган ўзбекистонликларга шаффоф ва порасиз хизмат кўрсатиш имконини бермаган. 

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 27 йилда биринчи марта хусусий тадбиркорлик субъектларига аҳолини ишга жойлаштириш билан шуғулланишларига рухсат берувчи «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонун 34 моддадан иборат бўлиб, унда хусусий бандлик агентликлари тушунчаси изоҳланган. Унинг фаолияти принциплари, ташкил этилиши, давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкий асослари белгилаб берилган. Шу билан бирга, Қонунда хусусий бандлик агентликларининг (ХБА) ҳуқуқ ва мажбуриятлари, вазирликнинг мажбуриятлари аниқлаб берилган. 

«Вазирлик ОАВ билан бирга шундай экотизимни ташкил этиши керакки, унда ХБА Ўзбекистон меҳнат бозорида фаолият юритишлари жуда қулай бўлиши керак. Бу вазирлик учун ҳам аҳолини мамлакат ичида ва ташқарисида ишга жойлаштириш нуқтаи назаридан баҳолаганда фойдалидир. БММВ айнан сизлар фуқароларни маълум бир ҳақ эвазига янада кўпроқ ишга жойлаштиришингиз учун имкон даражасида кўмаклашишни хоҳлайди», - деди Шерзод Кудбиев. 

Вазирнинг сўзларига кўра, бугунги кунда чет элга ишга жойлашиш истагини билдираётганларнинг мутахассислик малакасини тасдиқлаш борасида жиддий муаммолар мавжуд. Айни вақтда, айнан чет элда талаб кучли бўлган пайвандчи, электромонтажчи, кафелчи ва бошқа шу каби мутахассисликларнинг малакасини аниқловчи тузилма ташкил этилиши режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид