Жаҳон | 11:30 / 22.11.2018
40834
7 дақиқада ўқилади

Интерпол: кеча ва бугун

21 ноябрь куни жанубий кореялик Ким Жонг Янг Интерполнинг янги раҳбари этиб сайланди. У Интерпол раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида қаралган, ташкилот вице-президенти, россиялик генерал Александр Прокопчукни ортда қолдирди. Унга халқаро ташкилотнинг бош ассамблеясида ўтказилган сайловда 98 аъзо овоз берди.

Аъзолари сони бўйича БМТдан кейин иккинчи ўринда турувчи ушбу ташкилотга қачон ва қаерда асос солинган, вазифалари нималардан иборат?

Интерпол — Халқаро жиноят полицияси ташкилотининг қисқартирилган номи бўлиб, унинг асосий вазифаси умумий жиноятларга қарши курашда ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.  

Ташкил этилиши тарихи

1889 йилда Халқаро жиноят ҳуқуқи иттифоқининг таъсис мажлиси ўтказилади. Унда иштирок этган давлатлар «халқаро жиноятчилик» пайдо бўлганини қайд этишади ва турли давлатлар полициясини биргаликда ҳаракат қилишга чақиришади. Мунтазам фаолият кўрсатадиган, миллий ва халқаро даражадаги тузилма ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилади.

1905 йилда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Халқаро жиноят полицияси иттифоқининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда давлатларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида халқаро жиноятчиликка қарши курашиш бўйича махсус тузилма ташкил этиш ҳақидаги мурожаатнома тасдиқланади.

1914 йилда Монако князлигида князь Альбер I’нинг фаол иштирокида 14 давлат полициячилари қатнашган жиноят полициясининг I халқаро конгресси бўлиб ўтади. Конгрессда халқаро жиноят полицияси комиссиясини тузиш ташаббуси маъқулланади, аммо Биринчи жаҳон уруши бу режанинг амалга ошишига халақит беради.

1923 йилда Венада, жиноят полициясининг II халқаро конгрессида умумий жиноятчиликка қарши курашишда айрим мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун Халқаро жиноят полицияси комиссияси ташкил этилади. Комиссия ўз фаолиятини Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам давом эттиради. Устав бўйича Комиссия раиси аввалига Австрия, 1938 йилдан эса Германиядан бўлади, Интерпол бош қароргоҳи Берлинга кўчирилади. Ташкилотга СС генераллари Рейнхард Гейдрих (1940–1942), Артур Небе (1942–1943) ва Эрнст Кальтенбруннер (1943–1945) президентлик қилади. Натижада аксарият мамлакатлар ундаги иштирокларини тўхтатади ва Интерпол халқаро ташкилот сифатида мавжудлигини йўқотади.

1946 йилда ташкилот бош қароргоҳи Франция пойтахти Париж шаҳрига кўчирилади. 1956 йилда унинг устави қабул қилинади ва ташкилотнинг янги номи — «Халқаро жиноят полицияси ташкилоти — Интерпол» номи тасдиқланади.

1989 йилда Интерпол бош қароргоҳи Франциянинг бошқа шаҳри — Лионга кўчирилади.

Ҳозирда Интерполга 192 давлат аъзо бўлиб, у аъзо давлатлар сони бўйича БМТдан кейин иккинчи ўринда турувчи халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.

Тузилмаси

© AFP 2018, Fred Dufour

Ташкилот олий органи Бош ассамблея бўлиб, унга Интерпол президенти раислик қилади.

Интерполнинг доимий маъмурий ижроия органи Бош котибият бўлиб, у ижроия органи ва тўрт бошқармадан иборат.

Биринчи бошқарма умумий маъмурий масалалар билан шуғулланади, иккинчи бошқарма эса криминал бошқарма деб аталади ва Европа котибияти ҳамда тўртта бўлимдан иборат.

Биринчи бўлим шахс ва мулкка қарши жиноятлар, уюшган жиноятчилик ва жиноий фаолият орқали тузилган фондлар, терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича иш олиб боради.

Иккинчи бўлим иқтисодий ва молиявий жиноятлар бўйича ахборотлар билан ишлайди.

Учинчи бўлим гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши бўйича иш олиб боради.

Тўртинчи бўлим Давлат марказий бюроларига керакли ахборот тайёрлаш билан шуғулланади.

Интерполга аъзо ҳар бир давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида Давлат марказий бюроси тузилган бўлиб, улар бошқа давлатларнинг марказий бюролари ва Интерпол Бош котибияти билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Вазифалари

Ташкилотнинг асосий вазифаси умумий жиноятчиликка қарши курашда алоҳида давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва ягона сиёсат ўтказилишини таъминлашдир. 

Шунингдек, Интерпол халқаро қидирувни мувофиқлаштириш, одам савдоси, уюшган жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар контрабандаси, иқтисодиёт ва юқори технологиялар соҳасидаги жиноятлар, сохта пул ясаш, қимматли қоғозларни сохталаштириш ва болалар порнографиясига қарши кураш олиб боради.

Ташкилот кейинги вақтларда жамоат хавфсизлиги ва терроризмга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Интерпол уставига кўра, ташкилотнинг сиёсий, ҳарбий, диний ва ирқий тусдаги аралашувлар ва фаолият олиб бориши қатъиян тақиқланган.

Интерполнинг янги президенти ҳақида нималар маълум?

Ким Жонг Янг
Фото: interpol.int

Интерполга 2016 йил ноябрдан Хитой жамоат хавфсизлиги вазирининг ўринбосари Мэн Хунвэй раҳбарлик қилиб келаётганди. У шу йилнинг октябрида истеъфога чиқди.

21 ноябрь куни ташкилотнинг бош ассамблеясида жанубий кореялик Ким Жонг Янг Интерполнинг янги раҳбари этиб сайланди. У Интерпол раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида қаралган, ташкилот вице-президенти, россиялик генерал Александр Прокопчукни ортда қолдирди. Аввалроқ, АҚШ Интерполга аъзо давлатларни ташкилотга Россия вакили сайланишига қарши овоз беришга чақирганди.

Ташкилотнинг янги президенти Ким Жонг Янг 1961 йилда Жанубий Кореянинг Чангвон шаҳрида туғилган. Тадбиркорлик маъмурияти (Корё университети), давлат бошқаруви (Сеул университети) йўналишларида таълим олган, шунингдек, олий полиция мактабини битирган (Донгук университети).

1985 йилдан полицияда хизмат қилишни бошлаган. 1999–2010 йилларда Ким Жонг Янг Кореядаги турли полиция бўлимларида раҳбарлик қилган, йўл ҳаракати ва транспорт департаментларида ишлаган, Сеул пойтахт полиция агентлиги хавфсизлик департаментининг директори бўлган.

2010 йилда полиция миллий агентлигида ядровий хавфсизлик билан шуғулланган, сўнгра полиция бошқармасида хорижий ишлар бўйича директор бўлган.

2012-2013 йилларда Кёнгнам провинцияси полиция бошқармаси директори лавозимини эгаллаган. 2012 йил ноябрдан Интерпол ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

2014-2015 йилларда Кёнгидо провинцияси полиция бошқармаси бошлиғи бўлган. Шу билан бирга Сеулдаги Интерпол миллий марказий бюросига раҳбарлик қилган.

Ким Жонг Янг 2015 йилда Интерполнинг Осиё бўйича вице-президенти этиб сайланган.

Мавзуга оид