Жамият | 11:10 / 23.11.2018
45321
12 дақиқада ўқилади

Нархни ўзича белгилаётган қашқадарёлик киракашлар ёхуд бунга жим қаровчи масъуллар ҳикояси

«Ўн олтинчидан газ нархи ошаркан», деганди «Дамас» «шопир»ларидан бири. Билсак, тайёр туринглар, яқинда йўлкира ҳам кўтарилади, деган огоҳлантириш экан бу. Худди шундай ҳам бўлди. Ҳеч қаерда - на телевизорда, на радио ва газетада бу ҳақда эълон қилинди. Аммо таксичилар, гўё ҳаммаси бир овоздан келишиб олгандай, йўлкирани оширди-қўйди. Табиийки, ушбу ҳолат бугун кўпчиликда ҳақли эътироз уйғотмоқда. Чунки кира қилувчи ҳайдовчидан сабабини сўрасангиз, ўша-ўша эски баҳонасини такрорлайди: ёқилғи қимматлашди.

Қонуний асос борми?

Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганмиз, йўлкирани ҳайдовчи ҳам, ташув хизмати кўрсатувчи уюшма ҳам, соҳага масъул Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам белгиламайди. Мавжуд қонунчиликка кўра, автомобилда йўловчи ташиш тарифлари маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан тасдиқланади. Янги тарифларни ишлаб чиқишда барчаси ҳисобга олинади, албатта. Даставвал харажатлар қўшилиб, калкуляция қилинади. Қандай йўл тутилмасин, сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги - ташувчи фойда кўриши, йўловчига ҳам бу оғир ботмаслиги керак. Хуллас, шу тариқа мақбул нархлар тасдиқланади.

Мана бир мисол. Шу йилнинг 21 майида «Қарши шаҳрида йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида» вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, воҳа марказида йўлкиранинг чекланган миқдори йўналишли такси учун 1500 сўм, автобуслар учун 1000 сўм қилиб ўзгартирилди. ОАВ орқали аҳоли бу янгиликдан хабардор қилинди. Ҳар жиҳатдан қонуний иш кўрилди. Шундай экан, ҳеч бир эътирозга ўрин йўқ.

Янги нархларга барча кўникиб улгурган бир пайтда Қарши шаҳридаги аксарият йўналиш «маршрутка»чилари ўзбошимчалик билан йўл ҳақини 2000 сўмга кўтариб олгани ошиб тушди. Гапимиз қуруқ бўлмасин. Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг билдиришича, вилоят марказидаги 3-, 6-, 12-, 16-, 33 ва 37-йўналишлар «Дамас» ҳайдовчилари шу нархда йўловчи ташимоқда. Бундан ташқари, шаҳар атрофида қатновни амалга ошириши мўлжалланган Бешкент-Қарши, Шаҳрисабз-Яккабоғ, Чўлиота-Қарши, Шаҳрисабз-Мираки йўналишларида ҳам йўлкира ўзбошимчалик билан оширилган. Буни Шаҳрисабз шаҳри ичида қатновчи «дамасчилар» мисолида ҳам кўриш мумкин. 1000 сўмлик масофа 1500 сўмлик масофага айланган. Бу эса, ўз-ўзидан аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Хўш, киракашларнинг бу хатти-ҳаракати ҳуқуқий асосга эгами?»

«Ташув хизмати нархларига бу яқин орада ўзгартириш киритилгани йўқ. Тарифлар аввалги ҳолича қолган. Масалан, шаҳар атрофида йўловчи ташиш учун нарх 1 километрга 80 сўмлигича турибди. Тўғри, бу тариф бугунги талабга мос эмас. Ахир асосий ёнилғи воситалари – бензин ва газ қимматлашди. Аммо янгиси ҳали белгиланмади. Шундай экан, йўлкирани ўзбошимчалик билан оширишни ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш мумкин», – дейди Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, айни ҳолат бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий ўрганиш ўтказиб бориляпти. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Транспортда юриш тарифларига риоя этмаган ҳайдовчи ва уюшмаларга чора кўрилмоқда. Шундай ҳол аниқланса, дастлабки жазо сифатида тартиббузарнинг йўловчи ташишга рухсат берувчи ҳужжати – лицензияси амал қилиши маълум муддатга тўхтатиб қўйиларкан. Хўш, натижа қандай бўлди? Бунга кейинроқ батафсил тўхталамиз.

«2500 сўмдан қатнанглар, деб тайинлашган»

Қоидага асосан, муайян йўналишга эгалик ҳуқуқини тендерда ютиб олган уюшма, яъни автокорхона шартномада кўрсатилган тариф бўйича, агар у белгиланган тартибда ўзгартирилмаган бўлса, йўловчи ташишга мажбур. Субъект шуни бошданоқ ўз зиммасига олган. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июлдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги низомда ҳам бу муҳим талаб ва шартлардан бири сифатида қайд этилган. Афсуски, ҳамма ташувчи юридик шахс ҳам бунга тўла амал қилмаяпти. Аксинча бўлганда, улар юзага келган вазиятни биринчи бўлиб тартибга солиши, ўзига қарашли йўналишда қатновчи ҳайдовчиларни инсофга чақириши керак эди.

«Қарши тумани Лаганди қишлоғидан вилоят марказига қатновни амалга ошириш чекимизга тушган. Километрига қараб юз сўмдан ҳақ оляпмиз. Ўзи 80 сўм бўлиши керак. Бу тариф қабул қилинганига ҳам кўп бўлди. «Запчаст», ёнилғи нархи ҳам ошди. Ноқонуний бўлса-да, шунга мажбурмиз. Схема бўйича йўналиш узунлиги 24 километр. Шунга 2500 сўмдан қатнанглар, деб тайинлашган. Маҳалладан эшитдим, шофёрларимиз 3000 сўмдан оляпти деб. Машина номерини айтсин, ўша «дамасчи»га чора кўраман. Ҳайфсан берамиз, иш ҳақидан кесамиз. Балки қиммат юраётганлар, ноқонуний юрганлар бўлиши мумкин. Йўналишда лицензиясизлар ҳам бор-да. Уларни йўқотиш борасида тегишли идораларга хат берганмиз. Натижа эса бўлмаяпти»,– дейди «Ўғилой» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эргаш Алиев.

Тадбиркор қонунга хилоф иш тутаётганини ўзи ҳам тан олиб турибди. Майли, унинг гапларини ҳам асосли дейлик. Йўловчи километрига 100 сўмдан ҳақ тўласин. Йўналишни банд этганлар, уюшма раҳбари айтганидек, қатнов давомида тўлиқ 24 километр йўл босмайди. Негаки, тегишли схемада йўналиш боши сифатида собиқ Қарши автовокзали кўрсатилган. Бироқ «Дамас»лар манзилга бу йўлдан эмас, «эски шаҳар»дан қатнашини ҳар бир лагандилик билади. Шунинг ҳисобига оралиқ масофа 17-18 километр атрофида. Бу дегани, йўлкира ҳам 1700-1800 сўм (амалдаги тариф бўйича эса 1400-1500 сўм) нари-берисида ўрнатилиши керак, ҳар ҳолда 2500-3000 сўм эмас.

Қолаверса, уюшма бунга иложсизликдан қўл урадими ё йўқ, барибир ҳамма жойда қонун-қоида устун бўлиши, ижроси, унинг устидан назорат  таъминланиши шарт. Хўш, бунинг учун масъулиятли саналган Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси ўз вазифасини қандай уддалаб келмоқда?

Шаҳрисабзда нима гаплар?

Шаҳрисабз шаҳри ҳам «Дамас»ларга бой макон. Шаҳрисабз-Китоб ва ички йўналишлар бўйича қатновчи машиналар сероб. Қарангки, улар ҳам нарх-навони ошириб олишган. «Дамасчи»лардан сўз оламиз...

- Ака, йўл кира 1000 сўм эди, бирдан 500 сўмга кўтарилибди, тинчликми?

- Укам, «Метан заправка»ларга бориб кўргин навбатни, нархи билан қизиқиб кўр, кейин саволингни ўйлаб берасан...

«Биз «16» ва «18» йўналишлари бўйича ҳаракат қиламиз. Уюшмага ҳар кунлик тўлов қиламиз. Йўллар расво. Охири «шопир»лар ўзи пул ташлашиб, қатнайдиган йўлларимизга шағал тўктирдик. Бу нима адолатсизлик, буларга ким қарайди? Биз бераётган ҳар кунлик пуллар қаёққа кетяпти?», – дейди ҳайдовчилардан бири.

«ж» банд бўйича 2та ҳолат аниқланган

Маълум бўлишича, ҳудудий бошқармада автокорхона ва такси ҳайдовчиларининг лицензия талаб ва шартларига амал қилишини назорат қилувчи алоҳида бўлим мавжуд. Айни вақтга қадар ҳам ушбу бўлим мутахассислари томонидан қоидабузарликлар аниқлаб келинган. Тегишли чоралар қўлланган.

«Тўғри, белгиланган тарифга амал қилмай йўловчи ташиш ҳолатлари бор. , - дейди шу бўлим бошлиғи Акром Дўсанов. 

Бу вазиятда биз дарҳол далолатнома расмийлаштириб, айбдор автокорхонани жавобгарликка тортамиз. Йўлкирани қиммат қилиб юрган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси лицензияси 10 иш кунига тўхтатилади. Яна такрорланса, муддат 6 ойга чўзилади. Бунда биз режали иш қиламиз. Бир ҳудудга чиқиб, рейд ўтказамиз. Бошқа масалалар қаторида тарифга риоя қилиниши ҳам ўрганилади. Бундай ҳолатлар кўп. Шу боис ҳаммасини тўлиқ бартараф этолмаймиз. Бирини кўрсак, бирини кўролмай қолишимиз мумкин. Баъзан тушунтириш ўтказиш билан чекланамиз.

Масъулнинг сўзларига ишонсак, бу йўналишда катта кўламли иш қилинаётгандек кўринади. Тақдим этилган маълумотлар эса аксини айтиб турибди. Жумладан, 2018 йил 2 февралдаги баённома асосида 31та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектга чора қўлланган. Сабаблар эса қуйидагича. «Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги низомнинг 9-қисми «а» бандига кўра, лицензиат автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни шайлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига риоя қилмаган, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўрмаган, «з» банд (ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, хавфсизлик техникасини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш)га мувофиқ  иш тутмаганлар ҳам кўп. Лекин шу ўтган 10 ойдан ортиқ вақт мобайнида «ж» банд, яъни  ваколатли органлар билан тузилган шартнома асосида транспортда юриш тарифларига риоя этмаслик бўйича бор йўғи 2та ҳолат аниқланган, холос.

Нима, назоратчилар шу вақтгача йўлкирани асоссиз ошириш бўйича бошқа ҳолатга дуч келмаганми? Наҳотки, «маршрутка»чи ўзи истагандек нарх белгилаб юргани юзасидан фақат шу икки ҳолатгина кўзга ташланган бўлса. Узоққа бормайлик. Вилоят ҳокимининг 21 майдаги қарори қабул қилинмасдан туриб, Қарши шаҳрида беш-олти ойлаб йўловчилардан асоссиз равишда ортиқча 500 сўмдан ҳақ олинганда ҳам мутасаддилар индамай жим қараб турганди. Кўринадики, ёнидаги муаммога томошабин сифатида қараш мазкур бошқарма ходимларининг эски «касали».

Ишингиз фақат лицензиялашми?

Тўғри-да, поймол этилаётган йўловчи ҳуқуқини таъминлай олмаса, белгиланган тарифларни писанд қилмаётган йўналишлар эгалари фаолияти ва «дамас»чиларни тартибга сололмаса, бундай мутасадди ташкилотнинг қандай ўрни бор?! Уларнинг иши фақат уюшма ва ҳайдовчиларни лицензиялашдан иборат бўлиб қолмаяптими? Бу муаммога жиддий эътибор қаратишдан нима уларни тўсяпти? Ёки кимнингдир олдида тили қисиқ жойи борми?

Йўлкира ошса, ошибди-да, газ нархи ҳам кўтарилди-ку, шундан ҳам фожиа ясаш керакми, дейдиганлар топилади. Хулоса қилишга шошилманг. Газ қимматлашган бўлса, 500 ёки 1000 сўмга ошди (кўпчилик «дамас»чилар пропан эмас, арзон метан «заправка» қилиб юришини ҳам инобатга олиш керак). Киракашнинг оғзидан эшитганим шуки, илгари газга 40 минг сўм сарфлаган бўлса, эндиликда шунга ортиқча 10 минг сўм ишлатяпти. Агар бир «Дамас» ҳайдовчиси бир кунда 100 йўловчи ташиса, улардан жами 50 минг сўм қўшимча ҳақ оляпти. Атиги 10 минг сўм қўшимча харажат қилиш эвазига 40 минг сўм ортиқча олинаётгани ғалати туюлмайдими? Бу ўзига хос формула қандай ишлаши энди тушунарлидир. Биргина Қарши шаҳрида йўналишларда 1580та «Дамас» қатнайди. Энди ўзингиз ўйланг, йўл ҳақини асоссиз кўтариб олиши эвазига қанчадан-қанча пул давлат бюджетига ҳам эмас, «маршрутка»чи чўнтагига киряпти, ноқонуний айланаяпти. Жабрини ким тортмоқда? Албатта, йўловчилар, сиз ва биз...

Мирзоҳид Жўраев,
Сарвар Анвар ўғли

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид