Ўзбекистон | 18:40 / 26.11.2018
25231
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда электр энергия тармоғида жиддий узилишлар кузатилмоқда

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳри ва вилоятнинг барча туманларида электр энергиясидан кўп соатли узилишлар кузатилмоқда.

Урганч шаҳри электр тармоқлари корхонаси ходими Kun.uz сайтига берган маълумотларга кўра, 26 ноябрь куни тонгги соат 3.00да «Хоразм подстанция»да жиддий авария юз берган. Натижада, вилоят маркази ва туманлари электр тармоғидан узилиб қолган. Подстанциядаги авария жуда катта юклама ва ноқулай об-ҳаво шароити туфайли содир бўлган.

Натижада, вилоят ҳудудида, жумладан Урганч шаҳрида ҳам савдо ва пулли хизмат нуқталарида терминаллар ишламаган, захира генераторлар ўрнатилмаган аксар банкларда тўловлар ўтмаган, бутун бошли текстиль фабрикалари, озиқ-овқат ишлаб чиқариш цехлари фаолиятини тўхтатган.

Шаҳар электр тармоқлари корхонаси ишчиларининг сайъ-ҳаракатлари билан соат 15.00да подстанциядаги авария бартараф қилиниб, электр энергиясининг таъминоти қайта тикланган. Бироқ, шундан кейин ҳам электр энергияси таъминотида узилишлар давом этмоқда. 

Айни пайтда аварияни бартараф қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича расмийлар ҳозирча баёнот бергани йўқ.

Қайд этиш керакки, кейинги икки йил давомида республика бўйлаб электр энергияси бўйича муаммолар барҳам топгани кузатилганди. Аммо шу йилнинг ноябрь ойидан яна бутун республика бўйлаб тез-тез ток ўчиши муаммоси долзарблашди.

Бундан аввалроқ водийдаги барча вилоятларда электр энергияси танқислиги кузатилаётгани тўғрисида мақола берилганди.

Мавзуга оид