Жамият | 13:50 / 26.11.2018
27614
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўртача яшаш ёши йилдан-йилга кўтарилмоқда

«Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш истиқболлари» халқаро амалий семинари доирасида халқаро эксперт сифатида Жаҳон банки вакили Олексий Лучинский ҳам қатнашди.

У пенсия турмуш даражасига қараб белгиланиши лозимлиги ҳақида гапирган.

«Ислоҳот жуда оғир иш. Ижтимоий масалалар эса жуда оғриқли нуқта ҳисобланади. Бу масалада пенсиянинг ўрни жуда катта. Пенсия ислоҳотида бу соҳанинг икки асосий йўналишга қатъий риоя этилиши лозим. Булар етарлилик ва суғурта. Етарлилик қатъий белгиланган шаклга эга бўлади. Бунда иқтисоддаги ўртача даромад ҳисобга олинади. Суғуртада эса турмуш даражаси шахсий даромадларга қараб белгиланиб боради.

Ўзбекистонда пенсия бўйича ҳолат ҳозирги кунда Мўғулистон, Таиланд каби давлатлар билан тенг миқёсда. Украинадагидан эса анча яхши дея оламиз. Шунга қарамай, камчиликлар йўқ эмас. Таҳлил қилиб чиқилса, гендер муаммоси кўзга ташланмоқда», дея Жаҳон банки вакилининг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Ткаченко тадбир давомида қатнашчиларга тақдимот ўтказди. Унда пенсия ёши масаласидаги ислоҳотлар бўйича жаҳон тажрибасидан бир неча мисоллар келтирилган:

  • Қозоғистон 2027 йилгача пенсия ёшини 63 ёш,
  • Озарбойжон 2021 йилгача эркаклар ёшини 65 ёш,
  • Молдовада 2019 йилгача эркаклар, 2028 йилгача аёллар 63 ёш,
  • Беларусда 2022 йилгача аёллар 58 ёш, эркаклар 63 ёш,
  • Россия Федерациясида 2019 йилгача аёллар 60 ёш, эркаклар 65 ёш сифатида белгиланиши режалаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда қатнашаётган Жаҳон банки вакили Лидия Ткаченко ҳам ўзининг фикрларини билдирган. Унга кўра, солиқ ислоҳоти пенсия масаласида харажатларни қисқартиради, даромадларни кўпайтиради.

«Ўзбекистонда ўртача яшаш ёши кўтарилиб бормоқда. Бу аҳолининг турмуш даражаси ўсиб бораётганини англатади. Баъзи давлатларда бу масалада номутаносиблик кузатилади. Ўзбекистоннинг ўртача яшаш ёши масаласида Украина ва Россиядан яхшироқ ҳолатда», деган у.

Давстатқўм маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги ўртача 73,8 ёшни: эркаклар учун – 71,4 ёш, аёллар учун эса – 76,2 ёшни ташкил этган. Бутун дунёда эса умр давомийлигининг ўртача кўрсаткичи аёлларда 74 ёшни, эркакларда эса 69 ёшни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясида Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилганди. 

Бугунги кунда пенсия ёши Ўзбекистон Республикасида нафақат Европа, Америка, Осиё мамлакатлари орасида, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик ҳисобланиб, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда, ўртача эркакларда 58 ва аёлларда 53 ёшни ташкил этади. Муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқи ҳисобга олинмаганда эса, эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқади.

Мавзуга оид