Жамият | 14:35 / 27.11.2018
174205
3 дақиқада ўқилади

Мурод Хонтўраевнинг офисига ниқоблилар бостириб кирган. Унинг пичоқланиши бўйича тафсилотлар пайдо бўлди

26 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Тошкент савдо маркази» (собиқ Turkuaz) ҳудудида яккакураш спорт турининг аралаш тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилгани хабар берилганди.

Kun.uz манбаси ушбу ҳодиса бўйича баъзи тафсилотларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилнинг 26 ноябрь куни Мурод Хонтўраев тахминан соат 14:30ларда «Тошкент савдо маркази»да жойлашган офисида ўзининг танишлари - 1984 йилда туғилган, муқаддам судланган А.Р. ва 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган И.С.лар билан ўтирган вақтида 6-8 нафар номаълум шахс қора рангли махсус кийимда юзларига ниқоб таққан ҳолда кириб келиб, уларга ерга ётиш ҳақида буйруқ беришган. Шундан сўнг, номаълум шахслар ўзлари билан олиб келган ўткир тиғли жисмлар, темир бўлаклари, резина таёқлар ва пневматик ўқ отар қуроллардан фойдаланиб Мурод Хонтўраев ва И.С.ни уриб тан жароҳати етказишган.

Ушбу ҳодисадан сўнг, Мурод Хонтўраев Ибн-Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасига мурожаат этган. Унга бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9та), иккала кўкрак усти соҳаси сидирилган жароҳати, чап тирсак соҳаси кесилган жароҳати ташхиси қўйилган.

Айни вақтда бу ҳолат бўйича ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят иши очилган, тергов устидан прокуратура назорати ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Мурод Хонтўраев шу йилнинг 21 июнь куни Юнусобод туманидаги тунги клубда кўкрак қисмига пичоқ билан берилган зарбадан жароҳат олганди. Кейинчалик у суд ҳукми билан қамоққа ҳам олинди.

12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида М.Хонтўраевга жарима тарзидаги жазо қўлланди. Спортчи ЭКИҲнинг 94 баравари миқдорида жарима тўлади.

Мавзуга оид