Иқтисодиёт | 11:45 / 27.11.2018
30733
13 дақиқада ўқилади

Нархлар ошиши, сифат тушиши – Ўзбекистонда монополияларни қандай ислоҳ қилиш керак?

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг асосий хусусияти самарасизлик бўлган кўплаб ғайритабиий монополиялардан қутулиш зарурияти ҳақидаги мақоласи эълон қилинди.

Йирик давлат компанияси директори ҳаётини бир зум тасаввур қилинг: хизмат машинаси, ҳашаматли бинодаги кабинет ва қўл остида ўн минглаб ходимлар. Бу асъаса-ю дабдаба билан ҳам унга асло ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки компания мижозлари одатда миллионлаб кишилар бўлишади, директорнинг муваффақияти уларнинг қониқишига жуда боғлиқ. Бундай лавозим туну кун ишлашга мажбур қилади: компания самарадорлигининг оширилишини назорат қилиш, рақобатчиларнинг ҳаракатларини кузатиш, мижозларнинг истакларини доим олдиндан ҳис қила билиш керак.

Бунга қўшимча равишда мулкдорлар (акциядорлар) ва жамоатчилик директорнинг ҳар бир қадамини синчиклаб кузатишади. Масалан, Нью-Йорк ва Корнел университети иқтисодчилари ўз тадқиқотларида ижрочи директор ўзига қанчалик ҳашаматли ва қимматбаҳо уй харид қилаётган бўлса, демак компанияда ишлар шунчалик жойида эмаслигини исботлашган. Аксинча, компанияда ишлар қанчалик яхши бўлса, ижрочи директор қимматбаҳо харидлардан ўзини тияди: бозорни заруриятсиз безовта қилмаслик учун.

Директорлардан кўпинча директорлар кенгашига қабул қилинган қарор компаниянинг келгусида фойда кўришига айнан қандай таъсир кўрсатишини тушунтириш талаб этилади. Доимо жамоатчилик билан алоқада бўлиб туриш керак, чунки компаниянинг сердаромадлилиги борасидаги жамоатчилик кайфияти капитализацияга кучли таъсир қилади. Ходимларни мунтазам ишдан бўшатиб туриш зарурияти, баъзан, айниқса рентабеллик шуни тақозо этганда бутун бир бўлимлар ёки ҳаттоки фирманинг фаолият турини ўзгартириш ҳам оғир юк бўлади. Умуман олганда, топ-менежер иши кўп ҳам ҳавас қиларли иш эмас, шу сабабли уларга яхши пул тўланса керак.

«Женерал электрик» компаниясига 1878 йилда Томас Эдисон томонидан асос солинган. Яқинда компания лампочкалар савдоси бўйича бизнесдан чиқишини эълон қилди: унинг бу тузилмасида 17 минг киши ишларди. Ўтган йили GE қарийб бир аср мобайнида АҚШ бозорида етакчилик қилган соҳаси — маиший техникалар ишлаб чиқарувчи барча заводларини сотиб юборди. Айни пайтда компания тиббиёт ускуналари, молиявий хизматлар, энергетика ва бошқа йўналишларга диққат-эътиборини кўпроқ жамлаган».

Энди бир тасаввур қилинг, сиз йирик компаниянинг директорисиз ва вазифангиз компанияни максимал даражада самарасиз қилишдан иборат бўлсин. Яъни сизнинг ишингиз компания харажатларини максимал даражада ошириб, унинг фойдасини максимал даражада камайтириш бўлиши керак. Идеал ҳолатда компания умуман фойда кўрмасдан, тизимли равишда зиёнга ишлаши керак.

Бу вазифа сиз ўйлаганчалик осонмас, яъни компанияни шунчаки касод қилиш енгил иш эмас: биринчидан, компания эгасининг сизни қутқариш учун деярли чексиз ресурслари бор, иккинчидан, сизда умуман рақобатчи йўқ. Албатта, рақобатчилар пайдо бўлиши мумкин, лекин компания эгаси бозорда фақат битта компания бўлишни истайди ва бошқаларнинг бозорга чиқишининг олдини ола билади. Ўз-ўзидан мижозлар сизни «жазолай» олмайди, уларда бошқа танловнинг ўзи йўқ, нақадар қиммат ва нақадар сифатсиз бўлмасин, улар сизнинг фирмангиз хизматидан фойдаланишга мажбур.

Лекин бу ҳолатда ҳеч иш қилмасликка тўғри келади, дейиш нотўғри бўларди: сизнинг эгангиз битта бўлишига қарамасдан, у сизнинг молиявий ва бошқа ҳисоботларингизни назорат қилиб борувчи бутун бир ходимлар армиясига эга. Бахтингизга, текширувчи ходимлар сизнинг самарасизлигингизни кўра олишмайди: уларда сиз самарадорликни ошириш учун «нималар қилишингиз мумкин»лиги тўғрисидаги маълумот йўқ. Улар фақат пировард натижада «нима иш қилингани»ни кўра олишади. Ревизорлар сизнинг ҳаракатларингизда ўмариш ёки бошқа қоидабузарликлар бўлмаганини баҳолаб, мулкдорга ҳисобот беради. Бу ҳолда текширувчилар билан «келишиш» ҳам мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслик керак, чунки эга бўлмиш мулкдор учун у ягона ахборот манбаидир.

Эга битта бўлгани учун сиз жамоатчилик фикри ҳақида ташвишланмасангиз ҳам бўлади: муваффақиятингизга унинг заррача таъсири йўқ. Боз устига, жамоатчилик компанияда бўлаётган ишлардан қанчалик бехабар бўлса, сиз учун шунчалик яхши. Чунки компаниянинг бесамар эканлиги ҳақидаги бирорта ахборот мулкдорнинг қулоғига бориб етишини истамайсиз-ку?

Трейдерларнинг тилида ифода этилса, сиз пасайишга ишлай бошлайсиз: бошқаларга қанчалик ёмон бўлса, сизга шунчалик яхши бўлади.

Сиз аллақачон англаб улгургандирсиз, «табиий монополиялар» деб аталувчи корхоналарда менежмент иши айнан харажатларни ошириб, компания самарадорлигини пасайтиришдан иборатдир. Мулк эгаси эса давлатдир. Олдинги мақоламизда таъкидлаб ўтганимиздек, умуман олганда давлат компаниялари етарли тарзда самарасиздир. Лекин, «табиий монополия» деб аталувчи ташкилотларда самарасизлик ташкилотнинг бош мақсади ҳамдир.

Нега?

Ўзбекистонда «табиий монополиялар» тарифларини ҳар йиллик қайта кўриб чиқиш тизими мавжуд. Монополия хизматига нархларни харажатлардан келиб чиққан ҳолда ҳукумат ўрнатади. Яъни «табиий монополия» хизматларига нархлар бу монополиянинг харажатлари плюс асосий фондларни янгилаш учун белгиланган ставкага баробар бўлади.

Бундан келиб чиқадики, агар сиз бундай монополиянинг раҳбари бўлсангиз, харажатларнинг оширилиши ва максимал даражада ношаффофликдан манфаатдор бўласиз. Ахир фақат шу йўл билан сиз нарх (тариф) ларнинг ошишидан умидвор бўла оласиз. Турли идоралардаги давлат мулозимларининг аксарияти ўз соҳасидаги ишларнинг ҳолатини синчиклаб текширишади, агар улар харажатлар жуда юқори эканлигини кўришса, хизмат учун нарх оширилади. Директор сифатида сизга самарасиз бўлиш — тарифларни компаниянгиз фойдаси томон ўзгартиришнинг ягона усулидир. Агар сиз харажатларни пасайтириш устида иш олиб борсангиз, келгуси йили тарифларингиз мос равишда пасайтирилади. Компаниянинг фойдалилик даражасини ошириш ҳукумат билан музокаралар чоғида бош «кузир»дан маҳрум бўлиш демакдир.

Айнан шунинг учун «табиий монополиялар» товар ва хизматларига нархларнинг оширилиши ва бу хизматлар сифатининг пасайишини кутавериш керак.

Ўзбекистон учун муаммонинг жиддийлиги шундаки, бизда нафақат газ, электр ва сув таъминоти «табиий монополия» ҳисобланади. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига кўра, мамлакатда 141 та табиий монополия мавжуд. Боз устига, бир «табиий монополия» харажатларининг катта қисми иккинчисининг хизматларига ўрнатилган нархга жуда боғлиқ. Масалан, электр станциялари газда ишлайди, кимё заводларининг маҳсулотлари темирйўл орқали транспортировка қилинади.

«Табиий» монополиялар нечоғли табиий?

«Ўзбекэнерго»: тузилганидан буён табиий монополия сифатида тартибга солинади, лекин бу давлат компаниясининг барча қисмлари ҳам табиий монополия атамасига тўғри келмайди. Техник жиҳатдан бу атамага фақат тақсимловчи узатиш линиялари тўғри келади. Компаниянинг бошқа, электр станциялари, сотиш ва таъмирлаш корхоналари рақобатли муҳитда ишлай олишади ва шундай бўлиши ҳам керак. Бугунги кунда биз «Ўзбекэнерго»нинг тарифларини харажатлардан келиб чиқиб тартибга солмоқдамиз, бу эса корхонани ўз харажатларини қисқартириб, фойда кўришга ўтиш учун бўлган чоғланишини ўлдиради. Боз устига, ҳукумат ижтимоий ҳимоя важидан электр энергиясига тарифларни истамайгина ошириши туфайли давлат компанияси ускуналарининг эскириш харажатлари тарифларга қўшилмайди.

Ечим бир қарашда кўриниб тургандек: энергия ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарни сотиб, магистрал тармоқларнигина давлат назоратида қолдириш керак. Электр станциялари ўртасидаги рақобат, табиийки, нархларнинг пасайиши ва кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига олиб келади. Россия, Австралия, Буюк Британия ва Жанубий Кореяда энергетика соҳасининг ислоҳоти айнан шу тарзда ўтказилган.

Мазкур ҳолатда қандайдир компаниялар давлат назорати остида қолаверадими, деган савол юзага чиқади.

Ҳа, табиий монополия атамасига мос келмайдиган кўпгина компанияларни хусусийлаштириш муваффақиятли амалга оширилганда ҳам бир неча ҳақиқий табиий монополиялар мавжуд бўлиб қолаверади. Идеал дунёда бармоқ билан санарли айрим монополияларнинг ўз хизматига белгиланган нархларини давлат тартибга солади. Тартибга солишнинг мақсади монополияларга уларнинг иш самарадорлигини ошириш учун рағбат ва ресурслар тақдим этишдан иборат бўлиши керак.

Нима қилмоқ керак?

Самарадорликни ошириш учун чоғланиш ҳосил қилиш учун тартибга солишнинг анча машҳур усули — «нарх шифти» (pricecap) дан фойдаланиш мумкин. Моҳиятан, «нарх шифти» монополистнинг хизматларига нархлар реал ифодада ўрнатилган суръатдан тезроқ ўсмаслигини таъминлайди. Қоида тариқасида, «нарх шифти» шундай ўрнатиладики, монополия тарифлари инфляция даражаси плюс олдиндан белгиланган фоиз миқдоридан ошмайди.

Тартибга солувчи орган ва монопол ташкилот олдиндан келишилган «нарх шифти»га узоқ вақт риоя этишлари муҳим. Шунда монополияда харажатларни пасайтириш учун чоғланиш пайдо бўлади, чунки компания самарадорлигини оширишдан келадиган фойда компаниянинг ўзида қолади, бинобарин, тарифларнинг ошиши «нарх шифти» билан белгиланган ва харажатларга боғлиқ эмас. Бу ҳолатда тартибга солувчи орган текширувчиларнинг бутун бир армиясини молиялаштиришга кетадиган улкан ресурсларни тежайди, чунки ҳукуматга монополиянинг молиявий оқимлари ва инвестицион режаларини текширишнинг ҳожати бўлмайди. Бу усулнинг яна бир устунлик тарафи шундаки, монополист хизматлари истеъмолчилари бир неча йил аввал олдиндан аниқ бўлган нархларга эга бўлишади.

Аслида, тарифлар борасида узоқ муддатга келишиб олиш жуда қийин. Монополист ҳам, ҳукумат ҳам «нарх шифти»нинг ўз фойдасига қайта кўриб чиқилишини истаб қолади. Агар монополист ўз корхонасининг самарадорлигини ошира олса ва шунга мос равишда харажатларни қисқартирса, давлатнинг ҳам нархларни туширишга бўлган истаги кучаяди. Монополист ҳукумат бундай истакка қарши бора олмайди, деб ҳисобласа, янада ёмон, чунки самарадорликни оширишга бўлган чоғланиш ўз-ўзидан йўқолади. Бу эса нарх ҳосил қилишнинг эски моделига — компания харажатларини оширишга қайтишга олиб келади.

Асосий сабоқ

Биз «заводнинг тўлиқ қувват билан ишламаётгани» важидан автомобиллар нархининг оширилганидан жуда яхши хабардормиз. Лекин Ўзбекистоннинг қиммат ва сифатсиз автомобиллари муаммосини ҳал қилса бўлади: импорт қилинадиган автомобиллар тарифи ноль қилинса мамлакат аҳолиси машиналарни арзонроқ нархларда харид қила бошлашади. Давлатнинг автомобиль заводини эса сотиш мумкин (ва шундай қилиш ҳам керак). Бироқ, ҳақиқий табиий монополияларнинг паст сифатли хизматларини тўғрилаш осон иш эмас. Айнан шунинг учун ҳақиқий табиий монополиялар учун «нарх шифти» уларни тартибга солишнинг самарали усули бўла олади.

Ўз-ўзидан тушунарлики, иқтисодий ривожланиш учун бизга сув, электр энергияси, газ ёки транспорт каби яхши сифатли базавий хизматларга бўлиш жуда муҳим. Бироқ активларни давлат томонидан бошқарилиши соҳасидаги ислоҳотларни кечиктириш бефойда эканлиги ҳозирданоқ маълум.

Оғриқли ислоҳотни кечиктирмасдан ўтказиш керак: қанчалик кўп вақт ўтса, жамият учун ислоҳот шунчалик қимматга тушаверади.

Бугуннинг ўзида аҳолини газ, электр ёки сув билан таъминлаш жуда қийин иш бўлиб турибди. Бу бошқа табиий монополиялар мисолида ҳам кўзга ташланади. Авиаташувлар ва темирйўллар каби транспорт хизматларидаги давлат монополиялари ҳам уларнинг хизматини қиммат ва паст сифатли қилади.

Юқорида айтилганларни мухтасар қилсак: коммунал ва транспорт хизматларини тақдим этиш — жуда рентабелли бизнес ҳисобланади, лекин қониқарсиз маъмурчилик ва ривожланиш учун чоғланишнинг йўқлиги мазкур хизматларни тақдим этиш бюджетнинг харажатлар қисмига айланишига олиб келган. Табиий монополияларни зудлик билан ислоҳ қилиш керак: аксарият ҳолларда хусусийлаштириш орқали, ҳақиқий табиий монополиялар билан боғлиқ хос ҳолатларда эса — монополияларга самарадорликни ошириш учун «нарх шифти» воситасида рағбат ва ресурс тақдим этган ҳолда.

Беҳзод Ҳошимов.

Беҳзод Ҳошимов

Муаллиф ҳақида: иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ) даги Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти. 2016 йилнинг майидан Вейнарт ишбилармонлик марказида тадқиқотчи сифатида ишлаб келмоқда. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Нанянг (Сингапур) технология университети бакалаври даражасига эга. «Буюк келажак» экспертлик кенгаши аъзоси.

Мавзуга оид