Спорт | 15:40 / 27.11.2018
17604
10 дақиқада ўқилади

«Реал» ёки «Рома»? ЕЧЛ анонси

Бугун Европа Чемпионлар Лигасининг тўрт гуруҳида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Нариги тўртликдаги баъзи топ-учрашувларга нисбатан, балким, бугунги гуруҳлар анча сокин кўринаётгандир. Аммо бу алдамчи ҳиссиёт, зеро, бугунги майдонга тушадиган жамоалар ичида ҳеч қайсиси 1-ўринни қўяверинг, плей-офф масаласини ҳам расман ҳал қилгани йўқ.

Е ГУРУҲИ
АЕК – АЯКС (23:00)
БАВАРИЯ – БЕНФИКА (01.00)

«Бенфика»да кейинги босқичга чиқиш учун имконият назарий томондан йўқолгани йўқ, аммо бу иш португалияликлар учун осон бўлмайди. Жамоа қолган икки ўйинни керакли ҳисоблардаги ғалаба билан якунлаган тақдирда ҳам, «Аякс» ва «Бавария» АЕК билан ўйинларда зарур очколарни олиб, плей-офф йўлланмасига эга чиқишлари мумкин. Масалан, бугун Грецияга сафар қиладиган «Аякс» ғалаба қозонадиган бўлса, муддатидан аввал нимчорк финал масаласини ҳал қилиб қўяди.

«Бенфика» эса, Мюнхенда «Бавария» меҳмони бўлади. Мезбонлар учун бу ўйинда дуранг ҳам кейинги босқичга олиб чиқади. Лекин Нико Ковач шогирдлари бу ўйинга янада кўпроқ мотивация билан тушишларини ҳам кутса бўлади. Биринчидан, ўртада «Аякс» билан талашиладиган 1-ўрин масаласи бор. Тўғри, ўтган йили «Бавария» гуруҳда иккинчи бўлиб ҳам, жуда осон рақибларга эга бўлди, ярим финалгача қийналмай борди. Аммо бу сафар гуруҳда «ПСЖ» эмас, «Аякс»ни ўтказиб юборишни консерватор раҳбарият кечирмаслиги мумкин. Ўзи шундоғам, «Бавария» Бундеслиганинг охирги турида ўз майдонида аутсайдер «Фортуна» билан 3:3 ўйнаб қўйиб, бешинчи ўринга тушиб кетди. «Боруссия» билан ўртадаги фарқ 9 очкога етди. Яъни, Нико Ковачнинг курсиси яхшигина қимирлаб қолгани тайин. Бу вақтда Арсен Венгер Ковач ўрнига бош мураббийликка таклиф қилинаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди.

Демак, бу ўйин «Бавария» футболчиларининг ўз мураббийлари учун қанчалик ўйнай олиши, ҳаммаси жойида эканини қандай исботлаши жиҳатидан ҳам қизиқ. Ёки ростан ҳам муҳит бузилган ва эртага талофати тузатилиши мумкин бўлган ўйинда яна бир бор рақибга имконият тақдим этилиши ҳам эҳтимол. Бу вазиятда «Бенфика»да қўшимча устунлик пайдо бўлади.

Лекин лиссабонликлар ички чемпионатда жуда ҳам ёмон иштирок этишмоқда. Мухлислар бу жамоа «Порту» ва «Спортинг»дан бошқасига ютқазмаётганига қониқишаётганди, аммо бу мавсумда улар «Белененсиш» ва «Морейренси» каби аутсайдерларга ҳам ютқазишди ва энди кучли учликдан ташқарида қолишди. Бундай ҳолатдаги жамоа Германиядан очко билан қайтиши даргумон.

F ГУРУҲИ
ЛИОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ (01:00)
ҲОФФЕНҲАЙМ – ШАХТЁР (01:00)

Бугунги Лиондаги натижа қандай бўлишидан қатъи назар, агар «Манчестер Сити» сўнгги турда ўз майдонида «Ҳоффенҳайм»дан икки тўп фарқи билан енгилмаса, плей-оффга чиқаверади. Бугунги кунга келиб жуда даҳшатли формага кирган ва исталган рақибга камида учта, ёки ундан ҳам кўпроқ голларни қалаштириб ташлаётган Гвардиола жамоаси ҳақида бундай ҳисоб-китоб қилишга ҳам уялади киши. Катта эҳтимол билан «Манчестер Сити» бугун ғалаба қозониш ва АПЛдаги оғир давр бошидан иккинчи фронтдаги масалани олдиндан ечиб қўйишни мақсад қилиб майдонга тушади.

Очко кўпроқ «Лион»га керак. Биринчи турда французлар Манчестерда ғалаба қозониб, шов-шув кўтаришганида, гўёки жуда яхши имкониятга эга бўлиб олишганди. Аммо кейинги уч ўйинда «Лион» ғалаба қозона олмади. Жамоа ҳозир ҳам гуруҳда иккинчи ўринда бораётган бўлса-да, тасаввур қилинг, агар «Шахтёр» бу турда ғалаба қозонадиган бўлса, «Лион»га минимал даражада яқинлашиб олади. Сўнгги турда эса, ўзаро ўйин Украинада бўлиб ўтади. «ҳоффенҳайм»нинг «Шахтёр» устидан ғалабаси ҳам «Лион»га керак эмас, у ҳолда немислар очколар бўйича французларга тенглашиб олади. Ва балки сўнгги турда, Манчестерда мезбонларга ҳеч нарса керак бўлмайдиган ўйинда очко олиб қайтишлари мумкин.

Демак, «Лион» бугун бир неча вазифани бажаришига тўғри келади. Ҳам ўзи очко олиб, рақобатчиларидан узоқлашишга интилиши, ҳам «Манчестер Сити»га яқинлашиш орқали, сўнгги тур олдидан уларни ҳам очкога муҳтож қилиб қўйиш керак. Ҳозирда Европанинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши «Лион»нинг ёш футболчилари белгиланган вазифани қай даражада уддалайдилар, буни тез орада билиб оламиз.

G ГУРУҲИ
РОМА – РЕАЛ (01:00)
ЦСКА – ВИКТОРИЯ (23:00)

Лопетегининг истеъфосидан сўнг, Сантьяго Солари қўл остида бир қатор ишончли ўйинлар намойиш этган «Реал» Эйбарда яна қаттиқ «авария»га учради. Солари бутунлай бош мураббий сифатида тайинланиб, шартномага қўл қўйди ҳамки, яна муаммолар бошланди, аниқроғи, аслида бор муаммоларнинг илдизи янада чуқурлиги кўриниб қолди.

«Алавес», ЦСКА, «Севилья», «Барселона» ва мана энди «Эйбар»... Сафардаги ўйинларда сал жиддий рақиблардан мағлубиятга учраб келаётган мадридликлар яна бир жиддий синов қаршисида – «Рома». ЦСКА билан ўзаро ўйинларда яхшироқ имкониятга эга бўлган римликлар учун бу ўйинда дуранг ҳам етарли, бундай натижа уларни расман кейинги босқич иштирокчисига айлантиради. «Реал» эса сўнгги турда ЦСКА жамоасини қабул қилади. Агар армиячилар бугун «Виктория» устидан ғалаба қозонадиган бўлишса, Мадридга кейинги босқичга чиқиш мақсади билан ташриф буюришади. Барча масалани бир ўйинга олиб қўйиш эса, бугунги «Реал» учун жуда хавфли – ЕЧЛнинг амалдаги ғолиблари бундай таваккалчиликка бормасликлари керак.

«Рома»га қарши ўйин нафақат гуруҳда биринчи ўрин масаласини, балки, юқорида айтилганидек, Мадриддаги сўнгги тур таҳликасидан халос бўлишни ҳам тақозо қилмоқда.

Римдаги ўйинда мезбонлар сафида Лоренцо Пеллегрини, Даниэле Де Росси ва Хавьер Пасторе майдонга туша олишмайди. Жароҳатидан тўлиқ тузалмаган бу футболчилар ўйин қайдномасига киритилмаган.

Москвадаги ўйин ҳам ўз ҳолича қизиқ. «Виктория» ғалаба қозонадиган бўлса, 3-ўринга чиқиб олади ва Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритишга яқин келади. ЦСКА эса, ҳеч бўлмаса, шу еврокубокка ўтиш учун ҳам бугун очко олиши шарт. Бу ўйиннинг бошқа ўйинлардан эртароқ, яъни Тошкент вақти билан соат 23:00да бошланишини ҳам эътиборга олсак, томошабинлар учун жуда яхши эрмак вазифасини ўтайди.

Н ГУРУҲИ
ЮВЕНТУС- ВАЛЕНСИЯ (01:00)
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЯНГ БОЙЗ (01:00)

Ўлим гуруҳларидан бири сифатида тилга олинган «Н» гуруҳида ҳам, бугун ҳамма масала ҳал бўлиш эҳтимоли мавжуд. Агар «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Янг Бойз»ни енгса ва «Валенсия» Туринда ғалаба қозона олмаса, гуруҳнинг икки омадли жамоаси ҳам, Европа Лигасида иштирок этувчи жамоа ҳам олдиндан маълум бўлиб улгуради. Фақат 1-ўрин масаласи очиқ қолади холос.

«Ювентус»ни «Валенсия»га қарши бор кучи билан ўйнашга мажбурлайдиган жиҳат ҳам шу. Аслида, мағлубият ҳам туринликларнинг имкониятларини пасайтирмаслиги ва сўнгги турда «Янг Бойз»ни енгиб, кейинги босқичга чиқишлари мумкиндек. Аммо бугун «Ювентус» очко йўқотадиган бўлса, гуруҳдаги 1-ўрин «Манчестер Юнайтед»га ўтиб келади. Ўзаро ўйинларда туринликлардан устунроқ бўлган «МЮ» бу ўринни кейинги ўйинлардан кейин ҳам сақлаб қолиши мумкин.

«Валенсия» учун ҳам Туриндаги ўйин сўнгги имконият сифатида қаралади. Ла Лиганинг охирги ўйинида 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, жуда яхши спорт формасида эканини исботлаган испанлар шунчаки, вақт ўтказиш учун келишмаслиги аниқ. «МЮ» Туриндан очко олиб кетган экан, нега энди «Валенсия»нинг қўлидан келмасин?  

Туриндаги ғалабадан сўнг, Жозе Моуриньо «Янг Бойз»ни енгиб, кейинги босқичга чиқишларини айтганида, бироз математик хатога йўл қўйди. Йўқ. Биринчидан, ғалаба қозонилган тақдирда ҳам, «Валенсия» Туринда уч очко эгасига айланиб, сўнгги турдаги ўзаро ўйин олдидан 2 очколик масофага яқинлашиб олиши мумкин. Агар инглизлар бугунги ўйинда очко йўқотишса, жуда хавфли ҳолат юзага келади – Туриндаги ўйин натижасидан қатъи назар, «Валенсия»да плей-оффга чиқиш имконияти қолади. «МЮ»нинг бугунги ҳолатидан келиб чиқсак, «Месталья»да дуранг учун майдонга тушиб, оқибатда бу иш бажарилмай қолиши ҳақиқатга яқинроқ. Демак, «иблислар» учун энг яхши сценарий – «Олд Траффорд»даги ғалаба ва Туриндаги дуранг. Бу ҳолатда, «Манчестер Юнайтед» расман кейинги босқичга чиқиб бўлади ва бунинг устига, сўнгги турда «Валенсия»ни ютиб, гуруҳда 1-ўринни эгаллаш имкониятига эга бўлади.

Мавзуга оид