Иқтисодиёт | 00:39 / 28.11.2018
40988
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг беқарор валюта маълум қилинди 

Фото: СС0 Public Domain

Туркия миллий валютаси – турк лираси дунёдаги энг беқарор валюта номини Россия рублига “бой берди”. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, ахборот агентлиги ўз ҳисоб-китобларида бозорда валютани сотиб олиш ва сотишга тайёр бўлган трейдерлар ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларга асосланади.

Bloomberg’да тушунтирилишича, турк лираси августда Анқара ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчиликлар ортида юз берган жиддий инқироздан кейин бирмунча мустаҳкамланиб олди. Бунга АҚШ маъмурияти томонидан Туркияга солинган санкцияларнинг бир қисми бекор қилиниши ва Туркия марказий банкининг таянч ставкасини 24 фоизгача ошириши туртки бўлган. 

Рублга эса ҳамон нефть нархининг пасайиши ҳамда АҚШ санкцияларнинг кучайтирилиши мумкинлиги босим ўтказмоқда. Трейдерлар Азов денгизда Россия томонидан Украина ҳарбий кемалари ушланиши билан боғлиқ охирги воқеалардан кейин рублга янада камроқ ишонч билдирмоқдалар. 

27 ноябрдаги савдоларга кўра бир доллар 67,25 рубль, бир евро 75,93 рубль турган. Ваҳоланки, йил бошида доллар 56-57 рублдан, евро эса 68-69 рублдан сотилган. 

Мавзуга оид