Сув учун ҳисоблагич бўйича олдиндан ҳақ тўлаш: тартиб белгиланди
Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
Олдиндан ҳақ тўлаш қоидалари белгиланди
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошидан барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Бироқ ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган истеъмолчиларнинг олдиндан ҳақ тўлаш тартиби белгиланмаган эди.
Киритилган тузатишлар билан ушбу нуқсон бартараф этилди:
• ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда – охирги 3 ойнинг ўртача сарфи бўйича;
• ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда ойлик истеъмол нормаси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш амалга оширилади.
Агар истеъмолчи (қайси гуруҳга мансублигидан қатъи назар) ёзма хабарнома олган пайтдан бошлаб 5 кун ичида кейинги ой учун 10-санага қадар 100% олдиндан ҳақни тўламаса, Мажбурий ижро бюроси уни сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати тармоқларидан узиб қўяди.
Янги мулкдор аввалги эгаларнинг дебиторлик қарзи учун жавоб беради
Қоидаларнинг 115-бандига ўзгартиришлар киритилди. Энди объект эгаси ўзгарганда истеъмолчи чиқиб кетишидан 7 кун аввал дебиторлик қарзларини узиб, бу ҳақда Бюро (илгари – сув қувури-канализация хўжалиги ташкилоти билан, ИСКХ) билан далолатнома имзолаши шарт. Истеъмолчи чиқиб кетгач, сувни ҳисобга олиш прибори, пломбаларнинг бутлиги ва қопланмаган дебиторлик қарзи учун (илгари – фақат пломбалар ва ҳисоблагичнинг бутлиги учун) жавобгарлик объектнинг янги эгаси зиммасига юкланади. Бинобарин, агар аввалги мулкдор томонидан қопланмаган қарздорлик аниқланса, уни янги эгаси тўлаши керак бўлади.
Қайта улаш учун қанча ҳақ тўланади?
Сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш тизимларидан илгари узиб қўйилган (ўзбошимчалик билан уланиш, қарздорлик мавжуд бўлганда ёки шартнома шартлари бажарилмаганда) истеъмолчиларни қайта улашда қуйидаги миқдорда ҳақ ундирилади:
• хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслардан (I гуруҳ истеъмолчилари) – 2 ЭКИҲ;
• қолган гуруҳ истеъмолчиларидан – 10 ЭКИҲ.
Ушбу маблағлар қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига ўтказилади.
Ҳисоблагич кўрсаткичлари ойда бир марта олинади
Истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилишга асос бўладиган сувни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳар ойда 1 марта олинади (илгари – ИСКХ ташкилоти ходимлари томонидан ҳар чоракда 1 марта). Шундан сўнг тегишли далолатнома билан расмийлаштириш орқали истеъмолчиларнинг маълумотларига ўзгартиришлар киритилади. У икки нусхада тузилади, биттаси истеъмолчига топширилади.
Ҳисоблагични даврий қиёсловдан ўтказиш тўғрисида огоҳлантириш хати муддатида келмаган бўлса…
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ – агар ИСКХ ташкилоти даврий қиёсловдан ўтказиш муддати тугаши ҳақида огоҳлантириш хатини олдиндан (камида 30 календарь кун аввал) жўнатмаса, сув ҳақи одатдагидек ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида тўланаверади. Қайтадан ҳисоб-китоб қилиш қатъиян ман этилади.
ИСКХ ташкилоти ёки Бюро истеъмолчига огоҳлантириш хати юборгандан сўнг белгиланган муддатда даврий қиёсловдан ўтказилмаган ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари инобатга олинмайди, истеъмол қилинган сув учун ҳисоб-китоб эса қуйидагича амалга оширилади:
• I гуруҳ истеъмолчилари (хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар) учун – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган амалдаги сув истеъмоли нормаларига мувофиқ (Қоидаларнинг 87-банди «а» кичик банди бўйича);
• қолган барча истеъмолчилар учун – Қоидаларнинг 87-банди «б» кичик бандида белгиланган формула бўйича асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича.
Бюро иштирокида
Кўп ўзгартириш ва қўшимчалар Мажбурий ижро бюросининг фаолияти билан боғлиқ. Унинг ходимлари истеъмолчи билан сув таъминоти ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг аниқлигига таъсир кўрсата оладиган барча масалалар ечимида иштирок этишлари шарт. Хусусан, сувни ҳисобга олиш приборини улаш, тармоқдан узиш, ўрнатиш, алмаштириш, ечиш Бюро вакилининг иштирокида амалга оширилади.
Ҳужжат 23.11.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
13:56 / 14.10.2024
Озарбойжонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича миллий стратегия қабул қилинди
16:43 / 06.07.2024
Сув ўлчайдиган ибтидоий “инновация” – “Ўзсувтаъминот” Навоийда сувни исроф қилмоқда
09:50 / 16.12.2023
Сув дунёсини «ўлдираётган» осиёликлар — океанларга хавфли пластик чиқиндиларни ким кўп оқизмоқда?
16:49 / 23.11.2023