Ўзбекистон | 16:49 / 23.11.2023
50143
4 дақиқада ўқилади

Ер ости сувларидан “ҳисоблагич” билан фойдаланиш. Янги тартиб қандай ва кимлар учун ишлайди? 

Шу кунларда жамоатчилик орасида ер ости сувларидан “ҳисоблагич” билан фойдаланишга ўтилаётгани борасида турли хабарлар тарқалиб, кенг муҳокама қилинмоқда. Хўш, бу хабарлар қанчалик асосли ва асосга эга бўлса, у ким учун қай тартибда амал қилади? Kun.uz мухбири айни савол билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нурбек Пўлатовга юзланди.

— Ер ости сувларидан “ҳисоблагичлар” ўрнатган ҳолда фойдаланиш ва сувнинг пулли бўлиши борасида хабарлар тарқалмоқда. Хўш, бу нима дегани?

— Исталган ривожланган ва демократик давлатларда биринчи ўринда қонун устуворлиги туради. Бизнинг конституциямизда ҳам ер ва ерости бойликлари, уларни муҳофаза қилиш давлат ҳимоясида экани тўғрисида 68-модда бор. Бундан ташқари, Республикамиздаги барча сув ресурсларига оид тартиблар Ўзбекистон Республикасининг сув ва сув ресурсларидан фойдаланиш қонуни билан тартибга солинган. Қонунда ваколатли органлар, сувдан фойдаланувчи ва истеъмолчиларнинг мажбуриятлари ҳам белгиланган.

Ушбу қонуннинг бир қатор моддаларида сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар мажбуриятларидан бири сифатида сув олиш объектларида сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгиланган. Сув олиш объекти дейилганда дарё, канал, ерости қудуқлари, булоқлар кабилар назарда тутилади.

Сўнгги йилларда ерости сувлари мониторинги олиб борилганда Республикамизнинг 21 та ҳудудида ерости сувлари ўртача сатҳдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайгани аниқланди. Кўп йиллик қудуқлар қуриб ҳам қолган. Мана шундай ҳолатлар олдини олиш, ерости сувларини реабилитация қилиш мақсадида ҳисоблагич ўрнатиш масаласини кўтардик. 2022 йил 7 декабрда президентимизнинг 439-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 21 та ҳудудда ерости сувларидан фойдаланиш бўйича алоҳида тартиб жорий этилади. 2024 йил 1 январдан бошлаб, ерости сувларидан фойдаланишда сув ҳисоблаш воситалари ўрнатиш белгиланди.

— Сув ҳисоблаш воситалари ўрнатиш айнан кимларга мажбурий?

— Кунлик 5 тоннагача ва 25 метр чуқурликкача бўлган сувларни олувчи жисмоний шахсларга мустасно ҳолати бор. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида шундай қилинган.

Ҳисоблагични, аввало, юридик шахсларга ўрнатиш мажбурий бўлади ва кунлик 5 тоннадан кўп ва 25 метрдан чуқур ерости сувларини олувчи жисмоний шахсларга ҳам мажбурий бўлади. Юридик шахсларга аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи коммунал ташкилотлари, сув хўжалигига кирувчи ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва йирик саноат ишлаб чиқариш заводлари кабилар киради.

— Ҳисоблаш қандай тартибда ва қандай нархларда бўлади?

— Айтганимдек, жисмоний шахслар 5 тоннагача сув олиши мумкин. Шу миқдорда сув олганда сув ресурсларига таъсир қилмайди. Илгари насослар орқали ҳисобланар эди сув сарфи, аммо сўнгги вақтларда ерости сувлари баланси бузилган. Шунинг учун аниқ ҳисобларни юритиш учун сув ҳисоблаш воситалари борасида алоҳида тадбирлар олиб бориляпти ҳудудларда.

Биринчи навбатда аҳолимизнинг ҳуқуқий онгини, сувга бўлган муносабатини шакллантириш учун семинарлар, мулоқотлар ташкил қилиняпти.

Нарх масаласига келсак. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 445-моддасига кўра, сув олиш турларига кўра турлича тарифлар бўлади. Яъни ерости ва ерусти сувларига ҳар хил тарифлар белгиланган. Мақсадлар ҳам белгиланган, суғориш, қадоқлаш, саноат мақсадлари учун турлича солиқ турлари белгиланган.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид