Спорт | 17:20 / 04.12.2018
3467
3 дақиқада ўқилади

Таэквондо бўйича кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати АҚШда эмас, Ўзбекистонда ўтадиган бўлди

Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбари Аҳмаджон Раҳимов Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрига хизмат сафари билан борди.

Қўмита матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур сафар давомида Осиё Таэквондо Иттифоқи, Таэквондони ривожлантириш халқаро фонди, шунингдек, Жанубий Корея футбол ассоциацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди ва бир неча муҳим масалалар бўйича келишувга эришилди.

Бундай учрашувларнинг навбатдагиси бугун, 4 декабрь куни Жанубий Корея таэквондо ассоциациясида ташкилот президенти Чои Чанг Шин билан ташкил этилди. Унда Токио 2020 Олимпиадасига қадар қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишлари бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, ҳар икки ассоциация раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, томонлар спорт тиббиёти, допинг назорати, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари бўйича яқиндан ҳамкорлик қиладилар. 

Сир эмаски, Корея ва Япония иқлимлари деярли бир хил. Шу сабабдан ҳам кўп мамлакатлар Олимпия ўйинларига айнан Жанубий Кореяда тайёргарлик кўришни маъқул кўрадилар. Учрашув давомида Чои Чанг Шин Жанубий Корея таэквондо ассоциацияси эшиклари ўзбекистонлик спортчилар учун доимо очиқ эканини маълум қилди.

Чои Чанг Шин икки мамлакат таэквондочилари қўшма ўқув-машғулотларда ўзаро тажриба алмашишлари мумкинлиги ҳақида гапириб, Ўзбекистонда ўтказиладиган мусобақаларга ташриф буюрмоқчи эканини айтди.

Шундан сўнг Ўзбекистонда олимпия ҳаракати раҳбари Осиё Таэквондо Иттифоқи, Таэквондони ривожлантириш халқаро фонди, шунингдек, Жанубий Корея футбол ассоциацияси, Жанубий Корея таэквондо ассоциацияси вакиллари билан ҳам музокаралар олиб борди.

Бундан ташқари, Бутунжаҳон Таэквондо Федерацияси президенти Чунг Вон Чой билан ҳам учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон томони терма жамоа учун малакали мураббий жалб қилиш бўйича амалий ёрдам сўради. Чой ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини, шунингдек, ўзбекистонлик таэквондочилар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳам ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди. Томонлар Универсиадага тайёрланаётган кореялик таэквондочиларнинг Ўзбекистонда ўқув-машғулотлар олиб боришлари бўйича ҳам келишувга эришдилар. 

Чунг Вон Чой Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, олиб борилган музокаралар натижасида 2019 йилги кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказиладиган бўлди.

Умид Аҳмаджонов Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Дастлаб мазкур чемпионат АҚШда ўтказилиши белгиланганди. Бироқ Бутунжаҳон Таэквондо Федерацияси раҳбари билан учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ушбу мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр эканлигини маълум қилди. Шу тариқа, келаси йил кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Шунинг билан МОҚ раҳбарининг Жанубий Кореяга хизмат сафари якунланди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид