Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўқувчи ва талабалардан мажбурий пул ундириш ҳолатларига қачон тўлиқ барҳам берилади?
Сентябрь ойида янги ўқув йили кириб келиши билан ота-оналардан ўзига хос «пул ундириш» мавсуми бошланади.
Фарзанди мактаб, лицей, коллеж, институт, университетда таълим олган, олаётган ота-оналар учун таъмирлаш, тозалаш, безаш, соғломлаштириш, темир-терсак ва қоғоз йиғиш орқали оғир ва енгил саноатни ривожлантириш ва шунга ўхшаш тадбирларни ихтиёрий-мажбурий равишда «молиялаштириш» ҳолатлари жуда яхши таниш.
Бош қомусимиз конституцияда таълим бепул экани ҳақидаги тамойил муҳрланган бўлса-да, номи тилга олинган тадбирларга ҳам пул бериб келганмиз. Бу пулларнинг кўзланган жойга етиб бориши, тўғри сарфланиши, пул йиғиш жараёнининг шаффофлиги, коррупциядан қанчалик холи экани алоҳида мавзу. Аммо мажбурий равишда пул йиғиш қонунга тўғри келадими, асослими, шу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрдикми?
Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари, мактабларда турли сабаблар билан, хусусан таъмирлашга пул йиғиш, ўқувчиларни темир-терсак, макулатура йиғишга жалб қилишни тақиқлашга оид чора-тадбирлар кўрилди. Улар ҳақида мана бу жойларда ўқиб олишингиз мумкин.
Аммо, баъзи тадбирларга пул бермаган ўқувчиларга босим ва тазйиқ ўтказиш, баъзан куч ишлатиш ҳолатларига ҳанузгача барҳам берилмаган. Бу ҳақда мана бу жойда ўқиш мумкин. Шундай тадбирлардан бири - спорт жамиятлари учун пул ундиришдир.
Хўш, бу ўзи қанақа жамият ва нима учун унга пул беришимиз керак? Ушбу мақолада бу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳақиқатдан ҳам юртимизда мактаб ўқувчилари, лицей, коллеж, олий таълим даргоҳларининг талабалари спорт билан шуғулланишини таъминловчи иккита жамият бор.
Биринчиси - «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти. У мактаб ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, болаларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, «Қувноқ стартлар» ва «Ёзги таътил» спорт мусобақаларини, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларини ўтказиш орқали ўқувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш учун ташкил қилинган.
Жамиятнинг пул маблағлари аъзолик бадаллари, бюджет маблағлари; юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари асосида шакллантирилади. Аъзолик бадали ўқувчилар учун 3 686 сўм, ўқитувчилар учун 7 372 сўм қилиб белгиланган.
Иккинчиси - Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси. Бу ташкилот Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари, ўқувчилари, профессор-ўқитувчилари, илмий ходим-изланувчилари ва ишчи-хизматчиларини оммавий жисмоний ва спорт-соғломлаштириш тадбирларига жалб қилиш, «Ёзги таътил», «Универсиада» ва «Баркамол авлод» спорт мусобақаларини ўтказиш учун ташкил қилинган.
Ассоциациянинг пул маблағлари аъзолик бадаллари, бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, хорижий давлатларнинг грантлари асосида шакллантирилади. Аъзолик бадали (йиллик) миқдори талабалар учун энг кам иш ҳақининг 7 фоизи (бугунги кунда 14 191 сўм), педагоглар, ишчи-ходимлар ва хизматчилар учун 10 фоизи (20 273 сўм) миқдорида белгиланган.
Ушбу жамият ва ассоциациянинг низомини ўрганиб чиққанимизда, уларга аъзо бўлиш ўқувчи, талаба, педагоглар учун мажбурий эмаслигини, балки хайрихоҳлик асосида, ихтиёрий эканини аниқладик.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга, аммо мажбур эмас. Ҳуқуқ ва мажбурият бир-биридан фарқ қиладиган тушунча.
Демак, ҳеч ким фуқароларни касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига, улар қанчалик эзгу мақсадларда ташкил қилинган бўлмасин, аъзо бўлишга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Хусусан, спорт жамиятларига ҳам.
Албатта, спорт жамиятларига аъзо бўлиш ва улар томонидан ташкил қилинадиган спорт мусобақаларида қатнашишнинг ёшлар ва педагог ходимларнинг саломатлигига фойда эканига шубҳа қилмаймиз. Аммо унга аъзо бўлмаган шахсларнинг эркинлиги ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.
Бу педагог ходимларга нисбатан турли хил тазйиқ, талабаларга нисбатан босим кўринишида, ўқувчиларни синф олдида уялтириш, камситиш, изза қилиш ҳолатлари кўринишида бўладими, фарқи йўқ. Бу воситалар айнан мажбурлаш деб қаралиши, бу ишларни қилган одамлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб баҳоланиши шарт.
Мактаб ўқувчилари, лицей, коллеж, олий таълим даргоҳи талабаларини, педагог ходимларини ёппасига спорт жамиятларига аъзо қилишга мажбурлаш ҳеч бир қонунда талаб қилинмаган. Хусусан, улардан бу жамиятларнинг фаолияти учун мажбурий равишда пул йиғиш ҳам.
Ўзи атиги 14 минг сўм бўлса, 20 минг сўм бўлса, бу пулни кафега кириб бир марта овқатлансангиз сарфлаб юборасиз деб ҳисобласангиз, бемалол аъзолик бадалини тўлаб, спорт жамиятлари фаолиятида иштирок этишингиз мумкин. Аммо сизнинг фикрингизга қўшилмайдиганлар ҳам бор, улар ҳам худди сизга ўхшаб, ўз пешона тери билан топган маблағларини қаерга сарфлаши бўйича эрк ва ҳуқуққа эга.
Ўқувчи ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилишга ҳеч ким қарши эмас. Агар пул бермасак ҳам, даромадимизнинг маълум бир қисми бу жамиятларга ўтмоқда. Бу жамиятларнинг маблағлари қисман давлат бюджети орқали молиялаштирилади. Давлат бюджети эса фуқароларнинг даромадидан олинадиган солиқлар ҳисобига шаклланади. Солиқлар эса тўланиши шарт ва мажбурийдир.
Демак, биз истаймизми, истамаймизми бу спорт жамиятларининг фаолиятини молиялаштиришда қонуний дастаклар билан иштирок этмоқдамиз.
Яна бир муҳим жиҳати – спорт жамиятларини вояга етмаган ёшлар орасида тарғиб қилинишига йўл қўйилади, аммо аъзолик бадалини йиғишни фақат ота-оналар орасида, умумий мажлисларда муҳокама қилиш лозим деб ҳисоблайман. Пул даромад олаётган шахсдан, эгасидан сўралсин, унинг фарзандидан эмас.
Спорт билан шуғулланинг, соғлом турмуш тарзини кечиринг, сизга шу керак бўлса, жамиятларга аъзо бўлинг, аъзолик бадалларини тўланг, спорт мусобақаларида иштирок этинг, кенг имкониятлардан фойдаланиб қолинг. Аммо буларнинг ҳаммаси хайрихоҳлик асосида, ихтиёрий эканини эсдан чиқарманг. Мажбуран аъзо бўлдириш ва мажбуран пул ундириб олиш – ғайриқонунийдир.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
20:48 / 23.12.2019
«Ҳудудий электр тармоқлари» кўрик эвазига мажбурий тўлов ундирувчилар ҳақида огоҳлантирди
20:10 / 18.12.2019
Танқидий мақолага муносабат: «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ огоҳлантиради
14:39 / 03.08.2019
ИИБ биноси олдида «ҳашар», МИБ йиғимларига сафарбарлик, мажбурий обуна – маҳалла раислари яна нималарга жалб қилинмоқда?
14:56 / 23.04.2018