Жамият | 20:10 / 18.12.2019
4672
3 дақиқада ўқилади

Танқидий мақолага муносабат: «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ огоҳлантиради

Kun.uz сайтида 16 декабрь куни «Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди ва унда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги аҳолида электр таъминоти билан боғлиқ хизмат кўрсатишда айрим муаммолар танқид остига олинган эди.

«Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, мақолада ёритилган ҳолат «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ мутасаддилари томонидан атрофлича ўрганилган.

«Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида жойлашган «Электр тармоқлари ва монтаж» МЧЖ ходимлари томонидан ноябрь-декабрь ойларида Ургут тумани маҳаллалари аҳоли хонадонларидаги электр ҳисоблагичлар кўрикдан ўтказилиши жараёнида «Биз электр тармоқлари корхонасиданмиз, хонадонингиздаги электр ҳисоблагични текширгани келдик», дея шундоқ ҳам хонадондан ташқарига чиқарилган электр ҳисоблагичларга бирров қараб қўйиб, 12 минг сўм мажбурий тўлов ундирилган.

Мазкур жамият раҳбари Ситора Нарзиқулова малъум қилишича, корхона электр тармоқлари ва монтаж ишлари бўйича ихтиёрий кўрик ўтказиб, хизмат кўрсатиш ваколатига эга. Жамиятда юқоридаги ҳолат бўйича текширув ўтказиб, МЧЖ ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Мақоладаги зикр этилган кейинги воқеа ҳам айнан Ургут туманидаги электр таъминоти билан боғлиқ.

Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйича «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими» (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бу борадаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қарорга асосан ҳисоблагичлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан бепул ўрнатилмоқда. Мазкур лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш мақсадида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан ҳозирги кунда ёлланма хизматчилар ҳам жалб қилинган бўлиб, электрон ҳисоблагичларни алмаштириш жараёнида пул ундириш ҳолатлари учраши сир эмас.

Шуларни инобатга олиб, истеъмолчиларга эслатиб ўтмоқчимизки, ўрнатилаётган ҳисоблагич ёки ўрнатиш учун хизмат ҳақи талаб қилиниши мутлақо асоссиз.

Келгусида бу каби нохуш ҳолатлар учраган тақдирда, истеъмолчилардан «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 11-54 қисқа рақами ёки «Ҳудудий электр тармоқлари билан мулоқот» Телеграм-каналига мурожаат қилишларини сўраймиз», — дейилади «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ муносабатида.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид