Жаҳон | 17:51 / 07.12.2018
12409
2 дақиқада ўқилади

Россия банклари Visa ва Mastercard тизимидан узиб қўйилишга тайёрланмоқда

Фото: Владимир Трефилов / РИА Новости

Россия банки кичик банкларга уларнинг банк карталарига хизмат кўрсатиши мумкин бўлган захира ҳамкорларни топишни сўраб мактуб йўллади. «Ведомости» газетасининг хабар беришича, бу АҚШ томонидан киритиладиган эҳтимолий санкциялар муносабати билан қилинмоқда.

Тавсиявий мактуб Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари билан бевосита эмас, балки йирик ҳамкор банклар орқали ишлайдиган кичик банкларга жўнатилган. Марказий банк кичик банкларга банк карталари узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида яна бир банк билан захира шартномаси тузишни тавсия қилмоқда.  

Нашрнинг қайд этишича, ҳамкор банкни алмаштириш 3-6 ой давом этадиган узоқ ва оғриқли жараёндир. Банкнинг процессинг контрагентини алмаштириш тахминан 100 минг долларга тушади.

Нашр манбаларининг таъкидлашларича, Марказий банк шу тарзда йирик банкларнинг эҳтимолий инқирози ва АҚШ томонидан киритиладиган янги санкциялардан суғурталанмоқчи. Эҳтимолий санкциялар Россия ичида ишлайдиган банк карталарига таъсир кўрсатмайди – улар Россия тўлов карталари миллий тизими орқали ўтади, аммо хорижда бу карталар ишламайди.

Мавзуга оид