Иқтисодиёт | 16:35 / 19.10.2024
3641
3 дақиқада ўқилади

“Ҳамма мамлакатда ҳам расмий ваколатхона очавермаймиз” — Mastercard вакили

Mastercard тўлов тизими Ўзбекистонда расмий ваколатхонасини очган. Халқаро компаниянинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий менежери Ченгиз Айдиннинг сўзларига кўра, Тошкентдаги жамоа ҳозирда 6 кишидан иборат. “Mastercard ҳамма давлатда ҳам расмий ваколатхонасини очавермайди. Агар биз қайсидир мамлакатда расмий ваколатхонамизни очсак, бу ўша мамлакат биз учун ниҳоятда муҳимлигини англатади”, дейди у.

Фото: NurPhoto

Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда макроиқтисодий вазият ва молия секторининг ривожланиш истиқболлари сессияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Mastercard'нинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий менежери Ченгиз Айдин Kun.uz'га компаниянинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳақида гапириб берди.

“Биз ўтган йили Ўзбекистонда расмий офисимизни очдик. Ҳозир унда 6 нафар ходим ишлайди. Биз бу ерда ўсиб боряпмиз. Mastercard ҳамма давлатда ҳам расмий ваколатхонасини очавермайди. Агар биз қайсидир мамлакатда расмий ваколатхонамизни очсак, бу ўша мамлакат биз учун ниҳоятда муҳимлигини англатади. Ўзбекистонда офис очганимиздан кейин у тез ўса бошлади, шу сабабли биз ўзбекистонлик талантларни жалб қила бошладик. Бундан ташқари, бу ерда ўзбек мижозлари ва манфаатдор томонларга ёрдам бериш учун маслаҳат гуруҳимиз бор. Шунингдек, Истанбулда йирик марказимиз бор, у минтақавий ваколатхона ҳисобланади. Мен ўша ерда ишлайман. Лекин биз Ўзбекистонда маҳаллий иштирокимизни оширишни хоҳлаймиз”, – дейди у.

Ченгиз Айдин – ўнгдан биринчи

Ченгиз Айдиннинг сўзларига кўра, Mastercard Ўзбекистонда амалга ошираётган ва режадаги кўплаб ташаббуслари бор: кичик ва ўрта финтех бизнесни ривожлантириш, молиявий инклюзивлик, молиявий саводхонлик ва киберхавфсизликни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.

“Булар давом этаётган лойиҳалар бўлиб, бир марталик эмас. Биз манфаатдор томонлар, ҳукумат, Марказий банк билан ишлаяпмиз: 2 йил илгари Марказий банк билан рақамли тўловларнинг барча жиҳатларини қамраб олган меморандум имзолаганмиз. Бизда катта дастур бор ”, – дейди халқаро компания вакили.

Унинг сўзларига кўра, булар орасида энг муҳим ва долзарб йўналиш киберхавфсизлик, чунки у одамларнинг тизимга ишончини таъминлайди.

“Биринчи навбатда бизга ишонч керак. Ишонч бўлиши учун эса бизда мустаҳкам рақамли тизим, киберхавфсизлик бўлиши керак ва бунинг учун хусусий банклар, тартибга солувчи орган ва биз каби халқаро компаниялар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик зарур. Бизда эса халқаро тажриба бор ва уни олиб кела оламиз. Шундай қилиб, мен ўз нутқимда айтиб ўтганимдек, биз банклар, Марказий банк билан бир нечта семинарлар ўтказдик, маҳсулотлар ва ечимларимизни таклиф қилдик. Шунга қарамай, ҳар қандай давлат ўзининг бирор соҳадаги иродасини ривожлантириши вақт масаласидир. Ўйлайманки, Ўзбекистон, юқорида айтиб ўтганимдек, катта ишларни амалга оширмоқда, шунинг учун ҳам улар глобал киберхавфсизлик индексида ўз ўрнини оширмоқда. Аммо ҳали қилинадиган ишлар кўп”, – деди компания вакили.

Маълумот учун, Mastercard – тўловлар соҳасидаги глобал технологик компания ҳисобланади. Компания миссияси – транзакцияларни хавфсиз, содда, ақлли ва ҳамёнбоп қилиш орқали ҳаммага, ҳамма жойда фойда келтирадиган инклюзив рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва кучайтириш.

Мавзуга оид