Жамият | 12:32 / 10.12.2018
16580
2 дақиқада ўқилади

Ёш китобхонлар танловининг навбатдаги ғолибига ҳам «Спарк» автомобили топширилди

Фото: Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи

Ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал билимлари ва маънавий савиясини ошириш, адабиётнинг мўъжаз оламига олиб кириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг мамлакатимиз ёшлари ўртасида ўтказилган китобхонлик танловларини ижобий баҳолаган ҳолда, ушбу танловларни ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари президент қарори билан маъқулланган эди.

«Ёш китобхон» кўрик-танловининг 10–14 ёш тоифаси бўйича республика босқичининг 2018 йилги ғолиби аниқланди.

Танловда 14 нафар йигит-қиз «Ўзбек адабиёти билимдони» ва «Жаҳон адабиёти билимдони» шартлари бўйича куч синашди.

Ҳакамлар ҳайъати ва малакали мутахассислар томонидан баҳолаб борилган танлов натижаларига кўра, Пахтачи туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳлиё Ўроқова ғолиб деб топилди ва президент совғаси – «Спарк» автомобилини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ўтказилган «Ёш китобхон» танловида Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова ғолиб бўлган ва «Спарк» автомобилини қўлга киритган эди.

Фото: ЎзА

 

Мавзуга оид