Ўзбекистон | 09:09 / 10.12.2018
28033
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пахта етиштиришни 2,3 миллион тоннагача қисқартирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон жорий йилда 2,3 миллион тонна пахта етиштирди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табригида айтилади.

«Ўз ишининг моҳир устаси бўлган сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз самарасини ҳар куни ўз дастурхонида кўрадиган халқимиз бу йилги мавсум қандай оғир ва мураккаб кечганини яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, табиат инжиқликлари – баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинларга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди», - дейилади давлат раҳбари табригида.

Ана шундай қийинчиликларга қарамасдан, мамлакат бўйича 6 миллион 124 минг тонна ғалла, 2 миллион 300 минг тонна пахта, 8 миллион 661 минг тонна сабзавот, 2 миллион 411 минг тонна картошка, 1 миллион 607 минг тонна полиз маҳсулотлари, 2 миллион 100 минг тоннага яқин мева, 1 миллион 314 минг тонна узум, 18 минг тонна пилла, 1 миллион 789 тонна гўшт, 7 миллион 830 минг тонна сут тайёрланган. 

Қайд этилишича, жами бўлиб 58 триллион 181 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакат бўйлаб 2,9 миллион тоннадан ортиқроқ пахта хомашёси териб олинганди.

Мавзуга оид