Ўзбекистон | 11:33 / 13.12.2018
6530
3 дақиқада ўқилади

Миллий цирк санъатини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликлар маълум қилинди 

Фото: cirk.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда таъкидланишича, цирк санъатининг аҳоли, айниқса, ёшларнинг мароқли дам олишлари, уларга эстетик завқ бағишлашдаги ролини инобатга олиб, цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савияси ҳамда қамровини кенгайтириш билан бир қаторда, уларни цирк манежларида жаҳон талаблари асосида ўтказиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Билдирилишича, айни пайтда, миллий цирк санъатини янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли камчиликлар мавжуд. Жумладан:

биринчидан, циркни бошқарув тизими йиллар давомида қониқарсиз ташкил этилганлиги, шунингдек дастурлар ва томошаларнинг бадиий савияси кескин пасайиб кетганлиги натижасида охирги 20 йилда томошалар сони 1 052 тадан ҳозирги кундаги 200-250 тагача камайган;

иккинчидан, циркнинг ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи миқдорлари пастлиги, шунингдек иш натижадорлигига нисбатан моддий рағбатлантириш тизими йўқлиги сабабли кадрлар қўнимсизлиги ва мутахассисларнинг етишмаслиги юқори даражада, шунингдек, кейинги йилларда малакали тор соҳа мутахассисларнинг хорижий давлатлар циркларида ишлаш учун жўнаб кетиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда;

учинчидан, гастроль фаолиятини амалга ошириш ҳамда кадрларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилмаган;

тўртинчидан, цирк ҳайвонларини сақлашнинг антисанитария аҳволдалиги ва томошаларга тайёрлаш даражаси пастлиги, уларнинг соғлиғига ва кўпайтириш имкониятига салбий таъсир қилмоқда;

бешинчидан, моддий-техник таъминланганлик даражаси пастлиги сабабли циркнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши ва цирк дастурларининг бадиий савиясини ошириш ва томошабинлар қамровини кенгайтириш учун имкон бермаяпти;

олтинчидан, республиканинг чекка, олис туман, маҳалла ва қишлоқлари аҳолисига маданий хизмат кўрсатишни замон талаби даражасига кўтариш мақсадида кўчма цирк (шапито)лар томонидан гастроль сафарлари ташкил этишда мавжуд бадиий репертуари ва моддий-техника базаси маънан эскирганлиги мазкур гастроль сафарларини тўлақонли ва сифатли амалга ошириш учун имкон бермаяпти;

еттинчидан, цирк соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини изчил таъминлаш ва уларнинг сара томошаларини намойиш этиш, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани ҳам соҳа ривожига тўсқинлик қилмоқда.

Мавзуга оид