Спорт | 19:00 / 13.12.2018
21150
3 дақиқада ўқилади

Мураббийлар билан суҳбат: Ўзбек боксининг бугуни, шогирдларнинг жанглари ҳамда АҚШга сафар ҳақида

Профессионал боксда фаолият бошлаган Исроил Мадримовнинг АҚШда ўтган илк профессионал жангидан сўнг хорижий сафардан қайтган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ва жамоанинг катта мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов Kun.uz таҳририятида меҳмон бўлди.

Терма жамоа мураббийлари ўзбек боксининг бугунги ҳолати, жаҳондаги кучли профессионал ва ҳаваскор бокс мактаблари, боксчиларимизнинг тайёргарлиги ва ўзларини тутиши, МакГрегор ва Нурмагомедов жанги, ҳакамларнинг қарорлари тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Мураббий Раҳматжон Рўзиохунов жаҳон бокс мактаблари билан ўзбек бокс мактабини солиштирди.

«Куба, АҚШ бокс мактабларининг тажрибаси ҳақида барчамиз яхши биламиз. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, жаҳоннинг кучли бокс мактаби саналувчи - Англия терма жамоаси вакиллари ўтган йили Ўзбекистонга келиб, тайёргарлик кўрганди. Шу жамоанинг тўққиз вакили Бокс бўйича Германияда ўтган жаҳон биринчилигига йўлланмани қўлга киритди. Мен Англия бокс мактаби тарбияланувчилари Ўзбекистонга келиб, тажриба алмашганидан хурсандман.

Раҳматжон Рўзиохунов

АҚШ ва Куба бокс мактабига тўхталиб ўтсак, АҚШ профессионал йўналишда дунёдаги энг кучли бокс мактаби саналса, Куба ҳаваскор бокс бўйича энг тажрибали мактаблардан. Биз эса жаҳонда бокс бўйича кучли учлик пешқадами бўлиб турганимиздан хурсандмиз. Биз бу мақомни сақлаб қолиш учун изланиш ва ҳаракатдан тўхтамаслигимиз керак.

Мураббийлар жамоаси спортчиларимизнинг жисмоний ҳолати ва жамоа даражасини барқарор ушлаб туриш учун Ўзбекистон бокс федерацияси билан маслаҳатлашиб олди. Бу билан биз уларни тўла профессионал бокс измига топширганимиз йўқ, балки боксчиларимиз Олимпиадагача, ҳаваскор йўналишдаги нуфузли мусобақаларга қадар тайёргарликни сусайтирмаслиги, мақсадларимизга етиш учун келишиб, шу қарорга келдик.

Тўлқин Қиличев

Бундан ташқари, масалан, АҚШдаги бешта таниқли бокс клуби Исроилнинг жангидан сўнг улар билан фикр ва тажриба алмашиш учун таклиф қилишди. Биз шуларнинг 2тасига улгурдик холос. 

Айтишим керакки, олдинлари «Ўзбекистон» ёзувли футболкани совға қилсангиз, ё кийишарди, ёки йўқ. Ҳозир биздан талашиб олишади. Биз бундан жуда қувонамиз», дейди мураббий.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиохунов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Мавзуга оид