Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тушунмовчилик бартараф этилди. Сариосиёда афғонистонлик инвесторга заъфарон етиштириш учун керакли шароит яратилади
Kun.uz сайтида 2018 йил 16 декабрда эълон қилинган «Сариосиёда Президент қарорида белгиланган лойиҳага тўсқинлик қилинмоқда» сарлавҳали мақолада қайд этилган ҳолатлар юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Анвар Орипов томонидан имзоланган жавоб хати келиб тушди.
Хатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сонли қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида 2018–2019 йиллар давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 33та ҳудудий лойиҳа (тармоқ лойиҳаларидан ташқари) амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур қарорга киритилган инвестицион лойиҳалар рўйхати жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилган халқаро бизнес форум натижалари бўйича чет эллик салоҳиятли инвесторлар билан имзоланган меморандумлар ва музокараларда эришилган келишувларга асосан шакллантирилган.
Вилоят ҳокими ўринбосарига кўра, ҳар бир меморандум махсус китобда рўйхатга олиниб, ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб борилади.
Қарорга асосан, жорий йилда 16та ҳудудий лойиҳа бўйича 33,1 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиниши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 34,2 млн.долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.
Жойлаштирилган ҳар бир ахборот бўйича жамоатчилик назорати вакиллари ҳамда учинчи шахслар томонидан изоҳ бериш, фикр билдириш имконияти яратилган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида лойиҳаларни амалга оширгунга қадар фаолият олиб борадиган вилоят мутасадди идоралар раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳ ташкил қилинган.
Вилоят ҳокимлигининг инвестиция котибияти ва бошқармаси ходимлари ҳар бир лойиҳага индивидуал равишда бириктирилган бўлиб, лойиҳаларнинг жорий ҳолати мунтазам равишда кузатиб борилади.
Жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилган халқаро бизнес форумда Сариосиё туманидаги «Ясмина барака файз» хусусий корхонаси раҳбари Қ.Ҳасанов ва Афғонистоннинг «Bilal Bakhir Sari» компанияси раҳбари Намир Сафи ўртасида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 5,2 млн.долларлик меморандум имзоланган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 2019 йилда бўлиб, ҳозирги кунга қадар Сариосиё туманида фақатгина «Ясмина барака файз» МЧЖ томонидан ўзига тегишли бўлган экин ер майдонида тажриба сифатида заъфарон (шафран) ўсимлиги экилган, тупроқ таҳлиллари олинган, хорижий инвестор «Bilal Bakhir Sari» компанияси раҳбари Намир Сафи вилоятга бир неча бор ташриф буюрган, лойиҳани амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилган, лойиҳани амалга ошириш учун 15 гектар ер майдони танланган. «Bilal Bakhir Sari» МЧЖ эса 2018 йил 15 август куни Узун туманида 629744 рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва унинг Шарғун филиали томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Афғонистон фуқароси Аҳмад Жавид Нурзай томонидан «Bilal Bakhir Sari» МЧЖ ҳисоб рақамига 1 млн. доллар миқдоридаги пул маблағи ўтказилмагани маълум қилинган.
Мақолада қайд этилган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида «Bilal Bakhir Sari» МЧЖ ва «Ясмина барака файз» ХК вакиллари билан учрашув ўтказилган. Корхоналар ўртасида юзага келган тушунмовчиликка аниқлик киритилган ва «доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш» лойиҳасини «Ясмина барака файз» хусусий корхонаси, «Bilal Bakhir Sari» МЧЖ, ҳиндистонлик ҳамда афғонистонлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинган.
«Ушбу ва бошқа барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан доимий мониторинг ўрнатилганини алоҳида эътироф этган ҳолда, вилоят ҳокимлиги лойиҳа ўз муддатида ишга туширилиши учун мақолада қайд этилган инвесторга қулай шарт-шароитлар яратишга ва яқиндан кўмаклашишга доим тайёрлигини билдиради», — деб якунланади Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосарининг таҳририятга йўлланган хати.
P.S. Шунингдек, Сариосиё туман ҳокими Асқарали Жўраевнинг 2018 йил 18 декабрдаги 3338-сонли қарори билан «Ясмина барака файз» хусусий корхонасига туманнинг «Бобур» массиви «Теракзор» маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимлиги захирасидаги қишлоқ хўжалиги харитасининг 168-, 174-дала контурларидаги 16,0 гектар сувли экин ер майдони доривор ўсимликлар етиштириш учун доимий эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилиши белгиланган.
Мавзуга оид
13:15 / 26.05.2025
Ўзбекистон Хитойнинг йирик компаниялари билан 20 дан ортиқ келишувлар имзолади
12:42 / 23.05.2025
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги 4,5 баробарга пасайди
13:25 / 13.05.2025
Ўзбекистон-Словакия ҳукуматлараро комиссияси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
08:52 / 12.05.2025