Ўзбекистон | 00:33 / 20.12.2018
20289
4 дақиқада ўқилади

Қишки таътилга йўл – Тошкент-Жанубий вокзалидан! 

Қиш мавсуми келиши, айниқса, қишки таътилга яқин Тошкентда ишлайдиган ёки ўқийдиган юртдошларимиз оила бағрига – Республикамизнинг турли ҳудудларига йўл олишади. Кимдир Нукусга, кимдир эса Термизга ва яна биров Андижонга отланади. Совуқ қишда уловнинг қандай бўлиши, хавфсизлик талабларига жавоб бериш даражаси ҳам ўта аҳамиятлидир.

Узоқ масофали манзилларга йўл олган ҳамюртларимиз, табиийки, самолёт ёки поезд хизматидан, шаҳарлар бўйлаб ҳаракатланадиган автобуслар ёки таксилардан фойдаланади.

Нукус ёки Хоразм, Термиз ёки Бухородан пойтахтга таълим олишга келган талаба, ишчи ёки тадбиркор, даволанишга келган нафақахўр онахон, табиийки, ҳамёнбоп ва хавфсиз танловни маъқул кўради, чунки “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳар йил қиш мавсуми ва таътилолди чипталар учун чегирмалар эълон қилади. Бу эса вилоятга йўл олаётган йўловчиларнинг катта қисми Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзалга боришини, чипта олиши ва поездларни кутишини келтириб чиқаради.

Видео: Youtube

Видео: Mover

Ташқи ва ички кўриниш. Шаффоф уч дарвоза.

Вокзал 1963 йилда қурилган бўлиб, сўнгги бор 1985 йилда реконструкция қилинган. 2017 – 2018 йилларда эса янги лойиҳага асосан қайта ва тубдан таъмирланди. Тошкент-Жанубий вокзали, энди нафақат қиш мавсумида, балки йилнинг ҳар қандай пайтида ҳам Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиққан сайёҳлар, уйига отланган йўловчилар учун қулай шароитлар ва мутлақо янгича қиёфага эга бўлди. Замонавий трендлар ва миллий безаклар асосида лойиҳаланган ташқи ва ички кўринишга эга Жанубий вокзалнинг умумий майдони 9,7 гектарни ташкил қилади. Вокзалда 650 – 800 метрли 3 та перрон қурилди.

Вокзални узоқдан уч виқорли дарвозага эга ойнаванд қалъага ўхшатиш мумкин. Вокзал олдида диаметри 14 метрли иккита фаввора қурилган, йўловчилар учун катта ахборот таблоси ўрнатилган. Чиптахонанинг биринчи қаватида маълумот бериш нуқтаси, 9 та чипта бўлмалари мавжуд, кутиш зонаси, турли емаклар вендинг машинаси, инфокиоск ва нақд пул ечиб олиш автомати ҳам ўрнатилган.

Иккинчи қаватда эса чиптахона маъмурияти, VIP-кутиш хонаси ва пул ўтказиш йўли билан чипта олиш бўлимлари бор.

Поездларга чиқиш учун асосий кутиш ҳудудида эса ошхоналар, она ва бола хоналари, дўконлар, лифт, VIP-зона ва сайёҳлар учун мўлжалланган алоҳида кутиш хонаси, бепул Wi-Fi’га уланиш нуқтаси мавжуд.

Вокзал неча кишига хизмат кўрсата олади?

Тошкент-Жанубий вокзали бир вақтнинг ўзида 500 йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, суткасига эса 20 минг нафар йўловчилар 19 поездларда кутиб олинади ва жўнатилади. Оғир юкли йўловчилар ер ости йўли ва асосий кутиш ҳудуди ташқарисида текин аравалардан фойдаланиши мумкин. Йўловчиларга сутка давомида хизмат кўрсатувчи чипта сотувчилар, кутиш залида хизмат кўрсатувчи навбатчилар, маълумотнома, VIP зал ходимлари, вагонга хизмат кўрсатувчи ва юк ташувчилар билан ишчи ва хизматчиларнинг умумий сони 100 нафарни ташкил этади.

Хавфсизлик эса 50 нафар ходим, вокзал ҳудуди бўйлаб ўрнатилган 170та видеокузатув камералари томонидан таъминланади.

Чиптахона эса АСУ Экспресс-3 тизими билан таъминланган ва бу суткасига 5000та йўл ҳужжатлари сотилиши, шу жумладан, электрон чипталарни рўйхатдан ўтказиш имконини беради.

Темир йўл вокзали қуйидаги шаҳарлардан йўловчи поездларни кутиб олади ва уларни жўнатади:

Урганч, Бухоро, Андижон, Қўнғирот, Олот, Шовот, Термиз, Сариосиё, Бухоро, Урганч, Ҳожикент, Ховос, Бекобод, Сирдарё, Гулистон, Андижон-Бухоро, Андижон-Урганч, Андижон-Термиз йўналишлари.

Мавзуга оид