Қишки таътилнинг узайтирилгани ўқув йили муддатига қандай таъсир кўрсатишига изоҳ берилди
Қишки таътилнинг узайтирилгани 1–2-курс талабалари учун ўқув йили давомийлигига деярли таъсир қилмайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов қишки таътилнинг 24 январгача узайтирилгани ўқув йили давомийлигига қандай таъсир қилиши бўйича изоҳ берди.
"Таътилнинг узайгани 1–2-курслар ўқув йили муддатига катта таъсир қилмайди. Чунки янги модул тизимимизда ўқув йили давомийлиги эски тизимга нисбатан анча қисқарган. Илгариги тизимда 38-40 ўқув ҳафтаси бўлган бўлса, бугунги кунда 30 ҳафта. Ўқув биринчи семестрда 15 ҳафта, иккинчисида 15 ҳафта давом этади", - деди у Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида.
Вазир ўринбосарининг айтишича, 1–2-курс талабалари ўқишни 3–4-курсларга нисбатан вақтлироқ тугатади. Уларнинг ўқиш муддати июн ойига бормасдан якунига етади.