Ўзбекистон | 11:00 / 20.12.2018
7712
3 дақиқада ўқилади

Қизилмия экстрактини ишлаб чиқарувчилар - уюшма аъзоларига плантациялар ташкил этиш мажбурияти юклатилди

Фото: Pinterest

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш порталида Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси аъзоларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда. Чора-тадбирлар ўсимликлардан фармацевтика хом ашёси ишлаб чиқаришни кўпайтиришга йўналтирилган.
 
Norma’нинг ёзишича, 2019 йил 1 январдан Уюшма аъзолари – қизилмия экстракти ишлаб чиқарувчиларга 5 йил мобайнида, ҳар йили камида 100 гектар майдонда қизилмия плантацияларини мажбурий ташкил этиш талабини белгилаш таклиф этилмоқда.
 
Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2018 йилдаги 63-сон қарорида назарда тутилган имтиёзларни манзилли қўллаш режалаштирилмоқда. Бунда 2024 йил 1 январгача амал қиладиган солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек плантациялар ташкил этиш учун экиш материалларини тайёрлаш (йиғиш) учун рухсатнома олиш учун тўловларни кечиктириш ҳақида сўз бормоқда. Мазкур имтиёз ва преференцияларни қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этаётган ёки ушбу ўсимликларни қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган Уюшма аъзоларигагина нисбатан қўллаш таклиф этилмоқда (ҳозир имтиёзлар қўлланиши учун Уюшмага аъзо бўлиш мажбурий талаб қилиб қўйилмайди).   
 
Бундан ташқари, Уюшма аъзоларига қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш жараёнини самарали бошқариш, плантацияларни назорат ва мониторинг қилиш учун учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Тегишли аппаратларни олиб кириш чоғида уларни божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилиш режалаштирилмоқда. 
 
Шунингдек, 2019 йил 1 январдан қуйидагиларни белгилаш таклиф этилмоқда:

• ширинмияни хом ашё кўринишида мамлакат ташқарисига олиб чиққанлик учун тўловлар бўйича имтиёзлар бериш тақиқланади;
• қизилмия хом ашёси кейинчалик унга қайта ишлов бериш учун импорт қилинганда карантин рухсатномасини олиш бўйича талаб бекор қилинади;
• Уюшма аъзолари фақат ўз эҳтиёжлари, плантацияларни ташкил этиш ҳамда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлардан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш учун олиб кирадиган товарларни сертификатлаштириш талаб этилмайди.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид